АсосийJamiyat

Zoodpay платформасига нисбатан иш қўзғатилди

'Zoodpay платформасига нисбатан иш қўзғатилди'ning rasmi

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Zoodpay платформасига нисбатан иш қўзгатди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Матбуот хизмати хабар берди.

Бунга ЗZoodpay'га эгалик қилувчи Orientswiss Tashkent қўшма корхонасининг 99,99 фоиз улуши монополияга қарши курашувчи органнинг розилиги олинмасдан Бирлашган Араб Амирликлари компаниясига сотилгани сабаб бўлган.

Ушбу битимни тузиш бўйича ҳаракатлар амалдаги Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 17 моддаси иккинчи қисми талабларига зид ҳолатда амалга оширилган.

Яъни ушбу моддага мувофиқ, қуйидаги ҳолларда монополияга қарши органнинг шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъект устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимларга олдиндан розилигини олиш зарур бўлади, агар:

бундай шахс ёки шахслар гуруҳи кўрсатилган акцияларнинг (улушларнинг) 50 фоизидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олса;

битимда иштирок этаётган шахслар активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушум БҲМнинг 100 000 баравари миқдоридан ортиқ бўлса ёхуд битим иштирокчиларидан бири товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект бўлса.

Ўрганиш жараёнида улушлари сотилаётган “Orientswiss Tashkent” МЧЖ ҚКнинг активларининг баланс қиймати ҳамда товар айланмаси БҲМнинг 100 000 баравари миқдоридан ортиқлиги аниқланди.

Қўмита томонидан ушбу ҳолат юзасидан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига асосан қонун бузилишини бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган жавобгарликни қўллаш чоралари кўрилмоқда.

Шуни таъкидлаш лозимки, янги “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни рақамли платформалар фаолиятига нисбатан татбиқ этилади ва Қўмита рақобатни таъминлаш нуқтаи назаридан уларни тартибга солиш вазифасини амалга оширади.

Бугунги кунда, Қўмита томонидан рақамли платформаларни тартибга солиш механизмлари халқаро ташкилотлар (Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки) экспертлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилмоқда ҳамда янги “Рақобат тўғрисида”ги Қонун кучга кириши билан мазкур ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилмоқда.

    Бошқа янгиликлар