АсосийJamiyat

Диққат қидирув: ўзбекистонлик икки блогер қидирилмоқда

'Диққат қидирув: ўзбекистонлик икки блогер қидирилмоқда'ning rasmi

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги икки блогерни қидирувга берди. Уларнинг исм-шарифлари Ички ишлар вазирлиги сайтининг тегишли бўлимида эълон қилинган.

Биринчиси, Sanjar Xo’ja тахаллуси билан танилган Санжар Икромов. У сиёсат, иқтисод ва психология мавзуларида ёзади ва гапиради. Ҳозирда Туркияда яшайди.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдордаги фирибгарлик / БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) бўйича айблов эълон қилинган.

Иккинчи қидирувдаги блогер — Шерали Комилов. У асосан ижтимоий мавзуларни кўтариб чиқади. Унинг кўплаб постларида диний блогер Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий) танқид қилинади.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-модда 3-қисми «б» банди (фирибгарлик ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, — БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) ҳамда 140-моддаси 3-қисмининг «а» банди (ҳақорат қилиш жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда / БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади) бўйича айблов эълон қилинган.

    Бошқа янгиликлар