АсосийJamiyat

Дарахт кўчатларини йўллар бўйида экиш ишлари 33 та туман ва шаҳарда умуман бажарилмаган — Президент

'Дарахт кўчатларини йўллар бўйида экиш ишлари 33 та туман ва шаҳарда умуман бажарилмаган — Президент'ning rasmi

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида барча ҳудудларда кўкаламзорлаштириш даражасини 30 фоизга етказиш бўйича катта дастур қабул қилинган. Бунинг учун:

- ҳар бир вилоят баҳор ва куз мавсумида 15 миллион туп дарахт кўчатлари экиши;

- барча шаҳарлар атрофида “яшил белбоғ”лар ташкил қилиш зарур.

Лекин айрим раҳбарлар бу ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани танқид қилинди. Масалан, кўчатлар суғориш тизими йўқ ҳудудларга экилгани сабаб 10 миллион ниҳол нобуд бўлган. Дарахт кўчатларини йўллар бўйида экиш ишлари 33 та туман ва шаҳарда умуман бажарилмаган.

Давлтимиз раҳбари ўз ҳудудида экологик вазиятни яхшилаш, аҳолига қулай яшаш ва тоза ҳаво муҳитини яратиш эндиликда  ҳокимларнинг энг асосий вазифаларидан бири бўлишини таъкидлади.

Барча тизим ва ҳудуд раҳбарларига  маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бино, ҳовлиларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича тарғибот ишларини кучайтириш топширилди.

Халқимиз орасида оилада янги фарзанд дунёга келганда, тўй, юбилей ва туғилган кун маросимларида дарахт экиш каби эзгу анъанамизни тиклаш муҳимлигини қайд этилди.

Тегишли ҳудудлар раҳбарларига қаровсиз қолган 10 миллион туп дарахт ўрнига яна шунча дарахт кўчатини сув таъминоти яхши бўлган ҳудудларга экиш топширилди. 

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари 15 августга қадар дарахт кўчатлари захирасини яратиб, уларни экиш бўйича ҳудудий дастурларни тасдиқлайди.

Бундан буён кўчат экиш тадбирлари ҳар йили тасдиқланадиган инвестиция дастури асосида амалга оширилиши белгиланди. Бу мақсадлар учун ҳар йили аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп - 500 миллиард сўм йўналтирилади.

Шунингдек, ўрмон хўжаликларининг 1,5 минг гектар ер майдонларида касаначилик асосида кўчат етиштириш йўлга қўйилади. Бу орқали камида 10 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланиб, ҳар бир кўчатни кафолатли сотиб олиш тизими яратилади.

    Бошқа янгиликлар