АсосийJamiyat

Тошкент-Доҳа йўналишида авиарейслар йўлга қўйилади

'Тошкент-Доҳа йўналишида авиарейслар йўлга қўйилади'ning rasmi

Тошкент шаҳар ҳокими в.б Шавкат Умурзоқов Қатарнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳасан Ҳамза Ҳошим билан учрашди. Бу ҳақда ҳокимлик Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўзаро мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, логистика, туризм, қурилиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.
Шавкат Умурзоқов Қатар давлати амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг юртимизга олий даражадаги ташрифи доирасида Самарқанд шаҳрида имзоланган Тошкент ва Доҳа шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш бўйича Англашув меморандуми ижроси юзасидан йўл харитасини тайёрлаш, Қатарнинг бизнес делегацияларини Янги Тошкент шаҳри лойиҳаларида иштирок этишга таклиф қилиш, Қатарда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми манзилгоҳларини тарғиб қилиш, Тошкент-Доҳа йўналишида авиарейсларни йўлга қўйиш орқали ўзаро ташрифлар ва алоқалар кенгайишини таъминлаш, шунингдек, Доҳада Тошкент ва Тошкентда Доҳа кунларини, маданият тадбирларини ташкил этишга қаратилган ишларни жадаллаштириш борасида фикр билдирди.

Ҳасан Ҳамза Ҳошим самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ҳақиқатдан ҳам Қатар давлати амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг Ўзбекистонга ташрифи тарихий ташриф бўлгани, бунда 15 дан ортиқ шартномалар имзолангани ва жуда кўп соҳаларда ўзаро алоқаларни ривожлантиришда амалий ишлар бошлаб юборилганлигини билдирди. Ҳамкорликнинг истиқболлари катта эканлигини таъкидлади.

Учрашув якунида томонлар амалий мулоқотлар давом этишини билдиришди.

    Бошқа янгиликлар