Ижтимоий тармоқда келтирилган ҳужжатга кўра, маданият вазири Назарбеков Озодбек Ахмадович “Оҳангарон мўжиза боғи” МЧЖнинг 40 фоиз улушига эгалик қилмоқда.

Давлат реестрида мазкур МЧЖнинг фаолият тури сифатида данакли ва пўчоқли уруғи бўлган мевалар етиштириш кўрсатилган. Фирманинг юридик манзили эса Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган.
Озодбек Назарбеков 2016 йилда ташкил этилган МЧЖга 100 фоизлик улуш билан таъсисчи бўлиб келгани аниқланган эди.
Эслатиб ўтамиз, ҳукуматнинг 1992 йил 6 мартдаги “Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланган мансабдор шахсларнинг рўйхати тўғрисида”ги қарорига асосан давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган.





