1

Озодбек Назарбеков 2016 йилда ташкил этилган МЧЖга 100 фоизлик улуш билан таъсисчи бўлиб келгани аниқланди

ЖАМИЯТ 31.05.2023, 13:21
Озодбек Назарбеков 2016 йилда ташкил этилган МЧЖга 100 фоизлик улуш билан таъсисчи бўлиб келгани аниқланди

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков 2016 йилда ташкил этилган “Коба санъат мажмуаси” МЧЖга 100 фоизлик улуш билан таъсисчи бўлиб келгани аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 мартдаги “Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланган мансабдор шахсларнинг рўйхати тўғрисида”ги қарорига асосан давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган.

Худди шу каби Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 2 майдаги "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги ЎРҚ-328-сон Қонунининг 4-моддасига асосан давлат органлари (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қонунчиликда ман этилган бошқа шахслар тадбиркорлик фаолияти субектлари бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 8 августдаги “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги ЎРҚ-788-сон Қонунининг 13-моддасига асосан давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти субектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришга ҳақли эмаслиги қайд этилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 595-сонли қарор билан тасдиқланган “Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари”нинг 13-бандида давлат хизматчилари ишдан ташқари вақтда тадбиркорлик ёки ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан (педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари) шуғулланмаслиги, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустаснолиги белгиланган.

Бугунги кунда юқоридаги қонунчиликка номувофиқлик бартараф этилиб, “Коба санъат мажмуаси” МЧЖ таъсисчиси ўзгартирилди.

"Юқоридагилардан келиб чиқиб, 2023 йил 30 май куни Маданият ва туризм вазирлигига келгусида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун ва бошқа қонуности ҳужжатларига қатъий риоя қилинишини ҳамда вазирлик фаолиятида очиқлик ва шаффофлик, рақобат ва холислик ҳамда коррупсияга йўл қўймаслик принсипларига риоя қилинишини таъминлаш чораларини кўриш юзасидан тақдимнома киритилди",–дейилади агентлик маълумотида.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1