1

Бола нега айрим сўзларни нотўғри талаффуз қилади?

САЛОМАТЛИК 13.08.2023, 11:02
Бола нега айрим сўзларни нотўғри талаффуз қилади?

Бола улғайгани сари нутқи ҳам параллел ривожланиб боради. Бироқ ҳамма “тили чиққан” кичкинтойлар ҳам барча сўзларни тўғри талаффуз қила олмайди.

ССВ Матбуот хизмати тиббиёт фанлари доктори Абдуазим Юлдашевдан бунинг сабаблари қандай омиллар билан боғлиқлиги ҳақида саволларга жавоб олди.

 — Шахснинг ҳар томонлама тўғри ривожланишида нутқ бенуқсонлигининг аҳамияти катта, — дейди мутахассис. — Бироқ доим ҳам бундай бўлавермайди. Кўпинча кичик ёшдаги болалар орасида нутқ бузилиши билан боғлиқ муаммолар учрайди. Бунга асосан ташқи омиллар ёки ота-оналарнинг эътиборсизлиги сабаб бўлиши мумкин.

Дислалия – нутқ бузилишининг кенг тарқалган тури бўлиб, бунда кичик ёшли ўғил-қизлар айрим товушларни тўғри талаффуз қила олмайди. Ёки бир товушни иккинчисига алмаштириб, баъзида уни ўтказиб юборади.

Асосан 3-4 ёшли кичкинтойларда учрайдиган бу каби нутқ бузилишида бола ўз истакларини тўлиқ ва аниқ баён эта олса-да, баъзи сўзларни нотўғри талаффуз қилади. Масалан “машина” сўзини “матина”, “ширинлик” сўзини эса “тиринлик” деб айтиши мумкин.

Дислалиянинг 2 хил – функционал ва мехник турлари бор. Механик турига асосан бола оғзидаги нутқ аппаратида (тишлар жойлашуви, жағлар шакли) камчиликлар, танглайнинг тартибсиз тузилиши, қалин лаблар сабаб бўлади.

 Функционал дислалияни эса боланинг ўткир касалликларни бошдан кечирганлиги, оилада икки тилда сўзлашиш, фарзанд нутқини нотўғри тарбиялаш, у билан кам суҳбатлашиш, кичкинтой билан гаплашганда сўзларни “болаларча” талаффуз қилиш ва унда фонемик эшитишнинг яхши ривожланмаганлиги каби омиллар келтириб чиқаради.

Механик дислалия ташхиси қўйилган болани ортодонт ва логопед мутахассислар биргаликда даволаши лозим. Бунинг учун кичкинтойга оғиз орқали бажариладиган махсус машғулотлар тавсия этилади. Айрим вақтларда эса шифокор кўрсатмаси билан жарроҳлик амалиёти қўлланилади.

Функционал дислалия 5 ёшгача даволанмайди. Агар бола шу даврга қадар баъзи сўзларни нотўғри талаффуз қилаётган бўлса, у билан тўғри ва равон сўзлашиш орқали муаммони бартараф этиш мумкин. Бунда кичкинтойга шеър ёдлатиш, қўшиқлар эшиттириш яхши фойда беради. Бироқ бола 5 ёшга тўлгач ҳам “қуёш” сўзини “қуёс” деяётган бўлса, уни, албатта, шифокорга кўрсатиш зарур.

Мазкур ҳолатда логопед жажжи беморга оғиз машғулотларини ўргатиш ва талаффуз қила олмаётган товушларни тўғри айтишга кўмаклашади. Яъни махсус логопедик йўллар билан бу товушларни кичкинтой нутқида мустаҳкамлайди.

️Шунингдек, бола нутқини ривожлантиришда оғиз мушакларини кучайтириш яхши самара беради. Бунинг учун кичкинтойга сабзи, олма, қотган нон ёки туршак каби егуликлардан бериб турилса, фойдадан холи бўлмайди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1