Нукус шаҳрида фаолият юритаётган чорвачилик корхонасида жорий йилдан бошлаб иммун сути ва ундан олинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани ҳақиди хабар берган эдик. Гап шундаки, бугунги кунда SARS-CoV-2, яъни ўтган бир неча йиллар давомида дунёни ларзага келтирган касаллик – коронавирусга қарши иммунли сут маҳсулотлари сотуви йўлга қўйилди. Хўш, бу сут коронавирусга қарши ҳақиқаттан самарали кураша оладими ва албатта сигирларни эмлаш ғояси қачон ва қандай бошланди? Darakchi.uz фермер хўжалиги раҳбари Темур Панаев билан шу хусусида суҳбатлашди.
"Бизнинг корхона асосан чорвачилик ва сутни қайта ишлаш билан шуғулланади. Маҳсулотларимизни яхлит бир бренд остида ишлаб чиқарамиз",–дейди корхона раҳбари.
Иммун сути ишлаб чиқариш қачондан бошланди?
– Иммунли сут яратиш билан 2021 йилдан бери шуғулланиб келамиз. 2020 йил карантин тугагандан кейин шунақа бир ғоя келди. Австрия мамлакатида Вена медицина университети бор. Шу университетда ишлайдиган профессоримиз билан биргаликда иш олиб бордик. Профессори илмий тарафи билан шуғулланди, биз маҳсулот етказиб бердик.
Тадқиқотлар бошида молга, эчкига ўзимизни ўзбек-хитой ваксинасидан юбориб кўрганмиз. Шулардан чиққан сутни бузоқчага берганимизда унинг қонида антителла пайдо бўлганини кўрдик. Шундан кейин ишни бошладик.
2021 йилдан молларни вакциналашни бошладик. Профессоримиз тадқиқотни Венада олиб борди. Вакцина қилинган мол табиий ҳолатда бузоқчасига киндик орқали иммунитедни беролмайди. Мол боласига биринчи оғиз сути билан беради. Бу оғиз сути 3-4 кун бўлади. Бунда 10-15 литр сут беради. Бу молни пародиясига ҳам боғлиқ. Бунда ҳеч қанақа бактериялар микроблар киролмайди.
Иммунли сутни экспорт қилиш режаси ҳам борми?
– Бугунги кунда маҳсулотларимиз Нукус шаҳрида сотиляпти. Шаҳардаги барча йирик магазинларга тарқатганмиз.
Аслида биз бу маҳсулотни экспортга чиқаришни ният қилган эдик. Ҳозирда Россия, Европа мамлакатлари, Исроил каби давлатлар биздан сўраяпти. Айни пайтда ҳужжатли ишлар кетяпти. Шундан кейин экспорт билан шуғулланиш ҳам режада бор.
Хавфсизлиги клиник жиҳатдан исботланганми?
– Ҳайвонлар ва одамларда ўтказилган клиник тадқиқотлар шуни кўрсатдики, оғиз орқали қабул қилинган иммуноглобулинлар шиллиқ пардаларнинг ҳам нафас олиш йўллари, ҳам ошқозон-ичак трактининг иммунитетини яхшилаши мумкин. Иммуноглобулинлар ўпкада ва вирусли инфекцияларда яллиғланишнинг оғирлигини ва вирус хавфини камайтиришга ёрдам беради.
Иммун сути мутлақо табиий маҳсулотдир. Сут иммуноглобулинлари ҳам болалар, ҳам катталарга яхши таъсир қилади. Инсонда сут оқсилларига нисбатан муросасизлик ва аллергиялар бўлмаса, бошқа қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар мавжуд эмас.
Иммун сутини ичгандан кейин коронавирусга қарши эмланмаса бўладими?
– Иммунитетли сут дори ёки парҳез қўшимчаси эмас, балки функционал (терапевтик) озиқланиш тоифасига киради. Иммунитет сутидан фойдаланиш орқали пассив иммунизация ёндашуви эмлашга муқобил эмас. Маҳсулот биринчи навбатда, иммунитети вакцинага тўғри жавоб бера олмайдиган аҳоли гуруҳига (кексалар, сурункали касалликларга чалинганлар, юқори жисмоний ва психологик стресс ва бошқалар) мўлжалланган.
Келажакдаги режалар қандай?
– Келажакдаги режаларимиз экспорт билан шуғулланиш. Ҳозирда шу масала устида ишлаяпмиз. Бундан ташқари ишлаб чиқариш ҳажмини оширмоқчимиз. Бунинг учун бозорни ўрганяпмиз.
Карим ЗАРИПОВ тайёрлади






