АсосийJamiyat

Судга ҳамма ҳам кира оладими? Судни фото, аудио ёки видео тасвирга олиш мумкинми? Муҳим 7 саволга 7 жавоб

'Судга ҳамма ҳам кира оладими? Судни фото, аудио ёки видео тасвирга олиш мумкинми? Муҳим 7 саволга 7 жавоб'ning rasmi

Судга ҳамма ҳам кира оладими? Судни фото, аудио ёки видео тасвирга олиш мумкинми? Суд қачон ёпиқ тарзда кўрилади? Ушбу мақолада шу ва шу сингари бошқа саволларга жавоб берилади.

Судга ҳамма ҳам кира оладими?

Суд мажлиси ишнинг тоифасига қараб, очиқ ёки ёпиқ тарзда кўрилади.

Очиқ суд мажлисларида барча шахслар, жумладан, журналистлар ҳам иштирок этиши мумкин. ОАВни қонунда йўқ асослар билан судга киришини чеклаш тақиқланган.

Процесс иштирокчиси бўлмаган вояга етмаганлар иштирокига чеклов қўйилиши мумкин.

Олий суднинг тушунтиришига кўра, суд мажлисини процесс иштирокчиси бўлмаган кишилар қатнашишини чеклайдиган биноларда ўтказишга йўл қўйилмайди.

Олий суд тушунтиришида бундай ҳолат процессуал қонун бузилиши деб ҳисоблаб, жавобгарликка сабаб бўлишини келтирса-да, қонунчиликда ҳеч қандай жавобгарлик йўқ.

Судни фото, аудио ёки видео тасвирга олиш мумкинми?

Қуйидаги шарт билан судни фото, аудио, видео тасвирга олиш ёки ОАВда трансляция қилиш мумкин:

  • фуқаролик ишини кўришда — судьянинг тарафлар розилиги олингандан кейин берган рухсати билан;
  • жиноят, маъмурий, иқтисодий ишни ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўришда — судьянинг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан.

Ҳар қандай иш бўйича эркин тарзда қайдлар ёзиб олиш, стенограмма юритиш, иқтисодий ёки маъмурий ҳуқуқий иш кўрилаётганда эса аудиоёзув олиб бориш учун ҳеч қандай рухсат талаб этилмайди.

Айтиш лозимки, судни фото, аудио ёки видео тасвирга олиш мақсадини ҳақида судга олдиндан билдириш лозим. Чунки судларга киришда телефон, ноутбук, диктафон ёки бошқа қурилмаларни олиб киришга нисбатан чеклов бўлиши мумкин. Қонунчиликда суд биносига гаджетлар билан киришга рухсат бериш ёки чеклаш бўйича ягона тартиб йўқ.

Судья интервью бероладими?

Олий суднинг тушунтиришига кўра, судья суд ҳужжати кучга киргунга қадар иш бўйича интервью беришга ёки ОАВда чиқиш қилиши мумкин эмас.

Шунингдек, ОАВ бирор иш бўйича суд натижасини башорат қилиши ёки судга бошқача тарзда таъсир этиши (босим ўтказишга) тақиқланган.

Суд қачон ёпиқ тарзда кўрилади?

Суд тўлиқ ёки қисман фақат қонунда назарда тутилган асосларга кўра ёпиқ тарзда кўриб чиқилиши мумкин. Хусусан, қуйидагилар:

– давлат сирини, тижорат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни (масалан, бола асраб олиш сири) сақлаш;

– жинсий жиноятлар билан боғлиқ ишлар.

Жиноят судида айрим турдаги ишлар фақат ёпиқ тарзда кўрилади. Масалан, мурдани эксгумация қилиш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, айбланувчини лавозимидан четлаштириш ва вояга етмаганлар содир этган жиноятлар бўйича ишлар.

Иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқий ишлар асосан очиқ суд мажлисида кўрилади.

Суддан ишни ёпиқ тарзда кўришни сўраш мумкинми?

Иш хусусиятига кўра, айрим турдаги ишларни ёпиқ тарзда кўриб чиқиш мумкин.

Шу жумладан, жиноят судларида 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг жинояти, шахсий ҳаёт, шаън ва қадр-қимматни камситувчи маълумотларни ошкор қилмаслик ёки процесс иштирокчилари ва уларнинг яқин қариндошлари хавфсизлигини мақсадида ишлар ёпиқ кўриб чиқилиши мумкин.

Шахсий хабар ва ёзишмалар очиқ суд мажлисида фақат бу хат ва хабарларни жўнатган ҳамда олган шахсларнинг розилиги билан ўқиб эшиттирилиши мумкин. Агар улар розилик бермаса, иш ёпиқ тарзда кўрилади.

Фуқаролик ишлари тарафларнинг илтимосномаси ёки суднинг ташаббуси билан асослантирилган ажрим чиқарилган тақдирда сифатида шахсий ҳаёт ва қонун билан қўриқланадиган сирлар (масалан, тиббий сир, солиқ сири, суғурта сири, банк сири, васиятнома сири ва бошқалар) ёпиқ тарзда кўриб чиқилади.

Судни ёпиқ тарзда кўриш тартиби қандай?

Суд мажлиси бошланишидан олдин ҳар бир ҳолатда судья иш қандай  тартибда кўриб чиқилишини эълон қилиши шарт.

Судья ишни ёпиқ тартибда кўриб чиқишга қарор қилган тақдирда ажрим чиқаради ва унда ишни очиқ тартибда кўриб чиқишга (жумладан, ОАВ иштирокига) тўсқинлик қилувчи ҳолатларни аниқ кўрсатади. Бу маълумотлар ҳамма учун очиқ бўлиши керак.

Суднинг ишни ёпиқ тартибда кўриш бўйича ажрими чиққунигага суд залидан ҳеч ким чиқарилиб юборилиши мумкин эмас.

Агар суд мажлиси давомида ишни ёпиқ тартибда ёпиқ тартибда кўриб чиқишга қарор қилинса, ажрим эълон қилингандан кейин процесс иштирокчиси бўлмаган кишилар, жумладан, ОАВ суд залидан чиқарилади.

Ёпиқ суд ишлари видеоконференцалоқа режимида ўтказилмайди, аудио ва видеоёзувга олинмайди.

Ёпиқ тарзда кўрилган суд ҳужжатлари эълон қилинадими?

Суд ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари барча ҳолларда ошкора эълон қилинади. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари тарафларнинг розилиги билан ёки шахсини кўрсатмаган тарзда суднинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши мумкин. Бироқ, суднинг ёпиқ мажлисида қабул қилинган суд ҳужжатлари махсус порталга жойлаштирилмайди.

Муроджон Нажмиддинов.

    Бошқа янгиликлар