АсосийJamiyat

Биз айрим мамлакатлар каби нефть-газ ресурсларини сотиш ҳисобига юқори иқтисодий ўсишни таъминлай олмаймиз — Президент

'Биз айрим мамлакатлар каби нефть-газ ресурсларини сотиш ҳисобига юқори иқтисодий ўсишни таъминлай олмаймиз — Президент'ning rasmi

Ўрта корхоналар фаолиятини кенгайтириши учун уларга янги инвестор ва брендларни жалб қилишга кўмаклашиш зарур. Шу боис, агар корхона хорижий бренд ва инвестор билан келишувга эришса, унга янги ташкил қилинган Саноат жамғармаси 25 фоизигача капиталига сармоя билан кириши мумкин бўлади. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тадбиркорлик жамғармаси иқтисодиётнинг яна бир драйвери бўлган хизматлар соҳасига масъул бўлади. Жамғармага салоҳиятли ўрта бизнес корхоналарига улушдор бўлиб кириш ваколати берилади. Бунинг учун жорий йилда жамғармага қўшимча 25 миллион доллар, келгуси йилда яна 100 миллион доллар ажратилади.

Шу билан бирга жамғарма томонидан ўрта бизнес учун хорижий валютадаги кредитларга ҳам кафиллик берилади.

Жамғарма туризм, савдо ва сервис соҳаларида “хизматлар ипотекаси” тизимини жорий қилади. Энди меҳмонхона, ресторан, савдо комплекси, автотураргоҳ, ёқилғи шохобчаси, кемпинг каби объектларнинг тайёр лойиҳалари тадбиркорларга таклиф этилади.

Шунингдек, жамғарма тадбиркорларга хизмат кўрсатиш объекти учун ер сотиб олиш, бино-иншоотлар қуриш ва айланма маблағи учун ҳам ресурс ажратади.

Бу иккита янги тизим 1 октябрдан тўлақонли ишга туширилади ва келгуси бир йилда ўрта бизнесда саноат соҳасида 2 мингта ва хизматларда 10 мингта янги лойиҳалар молиялаштирилади.

Ушбу янги имкониятлар ҳисобидан қўшимча 1 миллиард долларлик хизматлар кўрсатиш, 5 миллиард долларлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш, 350 минг янги иш ўринларини ташкил қилиш мумкин бўлади.

Президент янги бозорларга сифатли ва рақобатбардош маҳсулот билан кириш масаласига тўхталди.

Бир нарсани тўғри тушуниш керак. Биз айрим мамлакатлар каби нефть-газ ресурсларини сотиш ҳисобига юқори иқтисодий ўсишни таъминлай олмаймиз.

Бизнинг “нефтимиз” ҳам, “газимиз” ҳам бу – сиз каби ташаббускор ва ишбилармон тадбиркорлар хом ашёддан яратаётган юқори қийматли ва сифатли маҳсулотлардир”, - деди давлатимиз раҳбари.

Маҳсулотлар ташқи бозорларда сифатли, талабгорлиги юқори ва рақобатбардош бўлиши учун ишлаб чиқаришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиб, кескин ўсиш қилиш зарурлиги таъкидланди.

Халқаро майдондаги вазият ҳисобига логистика харажатлари 3-4 баравар ошиб кетганини ҳисобга олиб, давлат экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлашни изчил давом эттиради. Улар учун молиявий имкониятлар янада кенгайтирилади.

Логистика харажатларини компенсация қилишга қўшимча 100 миллион доллар йўналтирилади. Шунингдек, маҳсулотларни хорижда сертификатлаш, халқаро стандартларни жорий қилиш ва бу борада мутахассис тайёрлашга яна 25 миллион доллар ажратилади.

“Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури жорий йилда ҳам давом эттирилади ва дастур билан қамраб олинадиган корхоналар сони 500 тага етказилади. Улар учун дастурдаги барча имтиёзлар давом эттирилади.
 

    Бошқа янгиликлар