Ижтимоий тармоқларда педагоглар ўртасида дарс тақсимоти билан боғлиқ келишмовчиликлар акс этган видеолар тарқалмоқда. Ҳолат юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги расмий мубосабат билдирди.
Маълум қилинишича, тарқалган видеолар аввалги йилларга оид бўлиб, жорий йилда ушбу мавзуда бундай нохуш ҳолатлар қайд этилмаган. Ушбу мавзу юзасидан вазирлик томонидан ўқитувчиларга доимий равишда тушунтириш ишлари олиб борилади.
Жорий йилда ҳам Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан умумтаълим муассасаларида дарс соатлар тақсимоти бўйича соҳа ходимларига тўлиқ маълумот бериш ва тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида мактабларнинг директор ўринбосарлари учун ўқув вебинарлари ташкил этиш кўзда тутилган.
Вебинар-тренинглар жорий йилнинг 22 август куни бўлиб ўтиши режалаштирилган.
“Шу ўринда, юртимизда ўқитувчининг мақомини мустаҳкамлаш, унинг нуфузи ва обрўсини оширишга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб турган бир пайтда ўқитувчилар ўртасидаги келишмовчиликларни ижтимоий тармоқларда тарқатиш педагогларнинг зарарига хизмат қилишини унутмаслигимиз лозим”, — дейилади хабарда.






