Фарғона ва Хоразмда ОТМга ўқишга киритиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларга чек қўйилди, дея "darakchi.uz"га хабар бермоқда ДХХ матбуот хизмати.
Хусусан, давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Қўқон шаҳридаги банклардан бирининг мутахассиси ўзганинг ишончига кириб, мансабдор танишлари ёрдамида, унинг ўғлини Қўқон давлат педагогика институтига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, у ушбу пул маблағини мазкур олий таълим муассасасида декан лавозимида ишловчи шахсга бериши кераклиги аниқланиб, тезкор тадбир давом эттирилди ва у ҳам пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Бошқа ҳолатда эса Фарғона шаҳридаги хусусий университет директорининг ўринбосари муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган бўлсада, ўз хатосидан тўғри хулоса чиқармасдан, аксинча, фуқаронинг Қирғиз Республикаси Ўш давлат педагогика университетидаги ўқишини Чирчиқ давлат педагогика институтига кўчириб бериш эвазига 2,5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Хоразм вилоятида кузатилган ҳолатда, Урганч туманида яшовчи, 1998 й.т. шахс ўзганинг ишончига кириб, мансабдор танишлари ёрдамида уни Урганч давлат университетининг Бошланғич таълим йўналишига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3,5 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.