АсосийMadaniyat

Қашқадарёда қадимий қишлоқ харобалари топилди

'Қашқадарёда қадимий қишлоқ харобалари топилди'ning rasmi

Самарқанд археология институти ходимлари томонидан Қашқадарё вилояти Муборак туманида жойлашган Хўжа Равшан обидаси ҳудудидаги дала тадқиқотлари чоғида қатор археологик топилма ва тупроқ қатламлари аниқланди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар қилди.

Қазиш ишлари мобайнида қишлоқ харобалари орасидан Амир Темур даврига мансуб 4 та хона кашф қилинди. Маълум бўлишича, ушбу ёдгорлик ўрнида XIII-XIV асрларда Қаршидан Бухорога олиб борувчи гавжум аҳолига тўла карвон йўли жойлашган бўлган. Қишлоқнинг бугунги кунда сақланиб қолган қолдиқларининг майдони 30 гектарни ташкил этади. 

Мутахассисларнинг тахминларига кўра, ўша кезлари истиқомат қилган овул аҳолиси чиғатой даврининг сўнгги ва Амир Темур замонида маданий жиҳатдан анча тараққий этган бўлган. Топилмалар орасида кошин, сирланган сопол, металлдан ясалган хўжалик жиҳозлари ва бошқа ноёб буюмлар бор. Тадқиқотчилар Амир Темур замонида нафақат шаҳарлар, балки қишлоқларда ҳам ривожланиш даражаси юқори бўлгани ҳақида дастлабки хулосаларга келдилар.

    Бошқа янгиликлар