Жорий йилнинг 26-28 август кунлари Ўзбекистон ҳудудига нам ва салқин ҳаво массалари кириб келади. "Ўзгидромет" хизмати республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларидаги фуқароларни огоҳлантирмоқда.
Маълум қилинишича, Республика ҳудуди бўйича 26-27-августда шамол тезлиги 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда, баъзи жойларда 23-25 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
27-28 август кунлари кундузи ҳаво ҳарорати 23-28 даражагача пасаяди.
26 августда республика шимолида ва чўл ҳудудларда, 27-28-августда қолган ҳудудларда вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади.
Кутилаётган кучли ёмғирлар ёғиши ҳисобига республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида 27-29-август кунлари сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.
"Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқароларни, дам олувчиларни ҳамда тоғли худудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчиларни эҳтиёткорлик чораларини кўришларини сўраймиз", - дейилади хабарда.






