АсосийJamiyat

Савдо-саноат палатаси бошқарма бошлиғи тадбиркорларга ТИФ олиб боришдаги енгилликлар ҳақида гапирди

'Савдо-саноат палатаси бошқарма бошлиғи тадбиркорларга ТИФ олиб боришдаги енгилликлар ҳақида гапирди'ning rasmi

Тадбиркорларнинг давлат ва жамият ҳаётига таъсири ҳақида кўп гапирганмиз. Тадбиркор қандай фаолият билан шуғулланмасин, қоидаларга амал қилса, солиқларни вақтида тўласа бу яхши. Унинг ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланиши эса икки карра яхши. Бундай фаолиятда тадбиркорнинг молиявий имкониятлари ортади, иш ўринлари кенгаяди. Хўш, Ўзбекистонда ана шундай фаолият билан шуғулланаётган бизнес эгалари қанча, уларга қандай имкониятлар берилмоқда? Саволларимизга Савдо-саноат палатаси бошқарма бошлиғи Шохрух Сулаймонов жавоб берди. 

Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони қанчага етди?

2017 йилга нисбатан 2022 йилда киритилган хорижий сармоялар ҳажми 3 баробарга ошиб, 10 млрд долларни ташкил этди.

2023 йил 1 август ҳолатига кўра, Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 
2 баравар кўпайди – 6 468 тадан 12 771 тагача.

Бизнес субъектларига ташқи иқтисодий фаолият олиб бориш ва хорижий инвесторларни жалб қилишда қандай қулайликлар яратилмоқда?

Мамлакатимизда тадбиркорларга бир қатор имтиёзлар берилмоқда, шунингдек, хорижий инвесторларни жалб қилиш имкониятлари кенгаймоқда, хусусан, ташқи савдони эркинлаштириш йўлида, инвесторлар учун зарур бўлган 7 мингдан зиёд хом–ашё ва товарларга божхона божлари бекор қилинди. Божхона ҳудудида қайта ишлашнинг соддалашган тартиби жорий этилди. Янги–янги бозорларга кириш мақсадида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёни жадаллаштирилди. 

Товарлар экспортини амалга оширишда қандай ўзгаришлар юз беряпти?

Ташқи савдо шартномасини тузмасдан инвойс асосида товарлар экспортини амалга оширилишига рухсат берилди, товарлар экспортини кафолатланган тўловни таъминлаш бўйича талаб ҳамда валюта тушумидаги мажбурий сотиш амалиёти бекор қилинди, шунингдек, товарлар экспортида ташиш харажатларини қисман компенсация қилиш амалиёти йўлга қўйилди.

Қолаверса, товарларни импорт қилмасдан учинчи давлатга тўғридан–тўғри сотиш амалиёти жорий этилди, мева–сабзавот маҳсулотларининг қийматини экспортда эркин белгилаш амалиёти йўлга қўйилди.

Натижада, 2019-2022 йилларда мамлакатимиз экспорти йилига ўртача 12 фоиздан ўсиб борди. Экспорт қилувчи корхоналар фаолиятини қўллаб–қувватлаш мақсадида ташқи савдо жараёнини соддалаштириш бўйича бир қатор туб ўзгаришлар амалга оширилди ва 60 дан ортиқ норматив–ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

 

    Бошқа янгиликлар