Бугун, 24 август куни очиқ суд мажлисларида илтимосномалар ва протестлар кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди ҳамда Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан жами 5 та жиноят иши бўйича 240 нафар шахсга нисбатан Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг оқлов ҳукми чиқарилди. Бу ҳақда Darakchi.uz хабар берди.
Оқлов ҳукми эълон қилинганлар рўйхати бу ерда.
Маълумот учун, Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинган эди.
Маълумки, Фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш, улар хотирасини абадийлаштириш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика ишчи гуруҳи ташкил этилган. Шунинг баробарида қатағон қурбонларининг номларини тиклаш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқлангач, уларнинг номларини аниқлаш борасида изланишлар кўлами кенгайтириб, масъулларга вазирлик ва идораларнинг идоравий архивларидан фойдаланиш имконияти яратилган.
Шунингдек, илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш жараёнида аниқланган, айрим сабабларга кўра реабилитация қилинмаган қатағон қурбонлари номларини оқлаш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар киритиш белгиланган.
Бундан ташқари, Олий судда муайян сабабларга кўра реабилитация қилинмаган қатағон қурбонларининг номларини оқлаш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш масалалари бўйича ишчи гуруҳи тузилган.
Ишчи гуруҳнинг изчил фаолияти, кўламли саъй-ҳаракати туфайли кейинги йилларда совет даврида қатағон қилинган 616 нафар ватандошимиз реабилитация қилиниб, оқланди.
Куни-кеча Олий судга Учлик Кенгашининг махсус йиғилиш қарорларига кўра 1929-1931 йилларда ҳозирги Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари ҳудудларида босмачилик ҳаракати аъзолари бўла туриб, қуролли тўда тузишиб, совет ҳукуматига қарши қуролли қўзғолон ёки аксилинқилобий мақсадларда ҳаракатларни амалга оширганликда айбланган Ўзбекистон ССР ва Қозоғистон ССР фуқаролари бўлган 240 нафар шахсга оид 5 та жиноят иши келиб тушиб, ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилди.
Бош прокурор ўринбосари томонидан юқорида кўрсатилган жиноят ишлари юзасидан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция протестини бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномалар ҳамда апелляция тартибида протестлар келтирилди.
Шу аснода адолат қарор топди, йиллар мобайнида юзага чиқмай келган ҳақиқат тантана қилди.
Мустақиллик йўлида фидокорона кураш олиб борган, ҳатто ўз жонини фидо қилган қатағон қурбонларининг пок номлари халқимиз қалбида мангу яшайди.






