Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун мамлакатимиздаги дипломатик миссиясини якунлаётган Грузия элчиси Зураб Абдушелишвилини қабул қилди.
"Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунлаётган Грузия Элчиси Зураб Абдушелишвили жаноблари билан учрашдик, - деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram каналида. –Жаноб элчига икки томонлама алоқаларимизга аниқ натижалар билан қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирамиз ҳамда тарихимиз, маданиятимиз ва адабиётимизга бўлган самимий қизиқишини юксак қадрлаймиз".
Эслатиб ўтамиз, Зураб Абдушелишвили 2019 йил май ойида ишонч ёрлиқлари нусхаларини ТИВда топширган эди. У элчи Константин Жгентининг ўрнига тайинланган.






