АсосийJamiyat

Фарғонадаги корхонада чангдан брикетлар тайёрланмоқда

'Фарғонадаги корхонада чангдан брикетлар тайёрланмоқда'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан Фарғона вилояти, Қўштепа туманидаги тўқимачилик корхонасига пресс-тур ташкил этилди. 

Пресс-турда Экология вазирлиги масъуллари, вазирликнинг Фарғона, Андижон, Наманган вилояти бошқармалари ходимлари, журналист ҳамда блогерлар қатнашди. 

Маълумот учун, мазкур корхона мамлакатимиздаги энг йирик ва замонавий ускуналарга эга бўлган етакчи тўқимачилик корхоналаридан биридир. 2000 та иш ўрни яратилган корхонада энг яхши ип-калава, кулранг ва бўялган трикотаж матоларни ишлаб чиқариш билан бирга пахта етиштириш ва уни қайта ишлашнинг тўлиқ жараёни йўлга қўйилган. Корхонага Швейтсариянинг “Rieter machine works” ускуналари ўрнатилган, шунингдек, сифат лабораторияси фаолият кўрсатмоқда.

Корхонада экология ва атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган омилларни бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада истиқболли лойиҳаларнинг амалга оширилаётгани ҳам муҳим жиҳатлардан бири саналади. Пресс-тур давомида иштирокчиларга мазкур лойиҳалар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Хусусан, корхонада “яшил иқтисодиёт”дан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқаришда энергия тежамкор технологиялар қўлланмоқда. Иншоотнинг том қисмига қуёш панелларини ўрнатиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида қарийб 23 фоизгача энергия самарадорлигига эришиш мумкин.

Корхонада ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлган чанглардан тайёрланаётган брикетлар, айниқса, иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Маълум қилинишича, корхонага ўрнатилган замонавий ва энг сўнгги технологиялар чанг-газларни атмосферага чиқариб юбормасдан, махсус қурилмаларда ушлаб қолади. Тўпланган чанг қайта ишланиб, брикет қилинади, натижада корхонанинг экологияга бўлган таъсири ҳам камаяди.

Пресс-тур давомида корхонада ёмғир ва қор сувларидан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳа билан ҳам таништирилди. Таъкидлаш керакки, корхонанинг том қисмида ҳосил бўлган ёмғир ва қор сувлари шунчаки оқизиб юборилмайди, балки махсус идишларда тўпланади ва тўпланган сув филтрдан ўтказилгандан сўнг ҳудуддаги ободонлаштириш ишлари ва дарахтларни суғоришга сарфланади. 

Тадбир давомида иштирокчилар корхонанинг яшил майдонига экилган дарахтларни кўздан кечиришди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида корхонанинг 1,8 гектар ерига куз ва баҳорги дарахт экиш мавсумида яна 1000 тупдан ортиқ дарахтлар экилиши режалаштирилгани ҳақида маълумотларга эга бўлишди.

    Бошқа янгиликлар