Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги арафасида Давлат хизматлари марказининг очилиши нафақат Кегейлиликлар учун, балки барчамиз учун муҳим воқеадир. Эндиликда ушбу марказ орқали фуқаролар 300 дан ортиқ давлат хизматларидан фойдаланишлари мумкин бўлади.
Тантанали очилиш маросимида туман Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари Х.Мелиев, Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири Э.Турсунов ва Кегейли туман ҳокими А.Камалов, адлия бўлими вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, меҳнат фахрийлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Такрорланмас меъморий дизайнга эга Марказ Кегейли туманининг 70 000 дан ортиқ аҳолисига хизмат кўрсатиш учун барча шароитга эга.
Қорақалпоғистон Республикасидаги ўн бешинчи Давлат хизматлари маркази ҳам давлат хизматларидан экстерриториаллик тамойили, яъни яшаш жойидан қатъий назар фойдаланиш имконини беради.
Бино қурилишида унинг замонавий шаҳарсозлик меъёрларига мос келиши, фуқаролар, айниқса, жисмоний имконияти чекланган инсонлар учун энг қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Янги Марказда электрон навбат тизими, ахборот киоски, ўз-ўзига электрон хизматлар кўрсатиш учун замонавий зона, болалар майдончаси ва мини кутубхона мавжуд. Туман давлат хизматлари марказида ташриф буюрувчиларнинг фарзандлари учун болалар майдончаси ҳам ташкил этилган.
Марказ аҳолининг барча қатламлари, жумладан, ёш болали аёллар, ногиронлиги бор шахслар, ёшлар ва кексаларга ҳам мўлжалланган. Масалан, давлат хизматларидан фойдаланишни яхшилаш мақсадида Давлат хизматлари марказида пандуслар, тутқичлар, шунингдек, ногиронлар аравачалари, кўзи ожиз шахслар учун тактил плиткалар, бино режасининг Брайл алифбосида тақдим этилган маълумот столи, ногиронлар аравачасида ҳаракатланувчи шахслар учун давлат хизматларини олишда қулайлик яратиш учун махсус мослаштирилган стол ва махсус ҳожатхона билан жиҳозланган.
Янги бинода Адлия бўлими, Юридик хизмат кўрсатиш маркази, Фуқаролик ҳолати далолатномасини ёзиш бўлими ва Давлат хизматлари марказининг бир жойда бўлиши ҳудуд аҳолисига яна бир қулайлик яратади.






