Uzbekistan Airways компанияси Тошкент халқаро аэропортида ўз парки учун навбатдаги A320neo самолётини қабул қилиб олди, дея хабар бермоқда компания матбуот хизмати.
Ўрта масофага парвоз қилиш учун мўлжалланган авиалайнер узоқ муддатли лизинг асосида China Aircraft Leasing Group Holdings Limited (CALC) компаниясидан сотиб олинган.
168 ўринга мўлжалланган Airbus A320neo Куала-Лумпурдан Тошкентга Uzbekistan Airways'нинг анъанавий ливреясида етиб келди.
Ҳаво кемаси миллий авиаташувчи ва CALC лизинг компанияси ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликнинг бошланиши ҳисобланади. Авиакомпания янги ҳаво кемасидан Тошкент шаҳри ва республика вилоятларидан амалга ошириладиган авиақатновларида фойдаланишни режалаштирмоқда.
"Бу турдаги ҳаво кемалари ўрта масофали лайнерлар орасида энг машҳур ва яхшиларидан бири ҳисобланади ҳамда хавфсизлик ва тежамкорликнинг энг юқори даражасини тақдим этади. Олдинги авлод авиалайнерларига нисбатан карбонат ангидрид чиқариш даражаси 50 фоизга камайтирилгани туфайли самолёт рақобатчилари орасида энг экологик тоза саналади", — дейилади хабарда.






