Қизилтепа туманининг Тўдакўл сув ҳавзаси бўйича ўтказилиши кутилаётган “Стихия” фестивали кенг жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлмоқда. Навоий вилояти ҳокимлиги мазкур ҳолатга муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Навоий вилояти ҳокимлиги раҳбарияти ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ва эътирозларга сабаб бўлаётган мазкур жараёнга асло бефарқ эмас. Шунингдек, ҳокимлик маънавиятга зид, менталитетга хос бўлмаган, ёшларни турли ёт ғояларга тарғиб қилувчи ҳар қандай тадбирга қарши эканини маълум қилади.
Шу боис, “Стихия” фестивалини ўтказувчи Unidentified Projects Company МЧЖ раҳбарияти вилоят ҳокимлиги томонидан юқорида қайд этилган ҳолатлар содир этилмаслиги бўйича расман огоҳлантирилган.
“Ушбу МЧЖ раҳбариятидан вилоят ҳокимининг номига мазкур фестиваль доирасида маънавиятимизга зид, ёшларимиз онгига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларга йўл қўйилмаслиги бўйича кафолат хатлари олинган”, — дейилади муносабатда.
Unidentified Projects Company МЧЖ бошқарув директори Отабек Сулаймоновнинг Навоий вилояти ҳокими номига йўллаган хатидан кўриш мумкинки, фестивалда кучли алкогол ичимликларини сотиш ва истеъмол қилиш тақиқланади. Шунингдек, фестивалда тартибни сақлашга 45 нафар қўриқчи жалб этилади, тартиббузарлар фестиваль ўтказиладиган ҳудуддан чиқариб юборилади.