АсосийJamiyat

"Бугун бизнинг олдимизда турган яна бир муҳим масала – экологик муаммолар ва сув танқислигидир"

'"Бугун бизнинг олдимизда турган яна бир муҳим масала – экологик муаммолар ва сув танқислигидир"'ning rasmi

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлади.

"...Биз мутафаккир зотларнинг: “Давлатнинг вазифаси инсонларни бахтли-саодатли қилишдир. Бу мақсадга эса илм ва яхши ахлоқ ёрдамида эришилади”, деган ҳикматли сўзларини ўзимиз учун дастур деб биламиз.

Маълумки, биз бир йил аввал тараққиётимизнинг 5 та асосий йўналишини белгилаб олган эдик. Унда таълим соҳасини ривожлантириш биринчи галдаги устувор вазифа сифатида қайд этилган.

Мен доимо таълим, таълим, муаллим, муаллим, деб таъкидлашим бежиз эмас. Чунки таълимни ривожлантирмасдан туриб юксак тараққиётга эриша олмаймиз. Ҳар қандай муаммонинг ечими ҳам, эртанги кунимизни ҳал қилувчи омил ҳам, шубҳасиз, таълимдир.

2022 йили мамлакатимизда 72 та янги мактаб қурилди, 279 таси капитал таъмирдан чиқарилди, 514 та мактаб эса реконструкция қилинди. Мактаблар учун 30 мингдан ортиқ компьютер харид қилинди. Янги ўқув йилидан республикамиз мактабларида хориждан махсус таклиф этилган 500 нафар инглиз тили мутахассислари болаларимизга дарс беради. Бошланғич синф ўқувчилари илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган янги дастур ва дарсликлар бўйича ўқий бошлайдилар.

Худди шу каби, соғлиқни сақлаш, бизнесни ривожлантириш, суд тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ва ёқилғи-энергетика муаммоларини ҳал этиш юзасидан катта лойиҳалар бошланган. Яна бир бор таъкидлайман: ушбу белгиланган устувор йўналишлар бизнинг доимий эътиборимиз марказида бўлади...

Агар 3 минг йиллик тарихимизга назар ташлайдиган бўлсак, ота-боболаримиз асрлар мобайнида дунё тамаддунига нафақат жисмоний, балки интеллектуал меҳнати билан улкан ҳисса қўшганига гувоҳ бўламиз.

Биз жаҳонга фақат хомашё эмас, аввало илм-маърифат, маънавий бойлик етказиб берган не-не улуғ зотларнинг авлодимиз. Ҳеч шубҳасиз, уларга хос бўлган буюк фазилатлар, улар яратган шонли анъаналар бугун ҳам бизнинг қалбимизда, онгимизда, ҳаётимизда яшамоқда.

Мен ишонаман, биз бу тарихий йўлни муносиб давом эттиришга ҳар томонлама қодирмиз. Бугунги кунда дунё харитасида тутган ўрнимиз, ўз олдимизга қўяётган жуда улкан мақсад ва марраларимиз ҳам айнан шуни тақозо этмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, биз транспорт-логистика тизими билан бирга, бугун замоннинг ўзи талаб қилаётган илм-фан, инновация, IT ва ақлий меҳнатга асосланган бошқа соҳаларни жадал ривожлантиришга устувор аҳамият қаратяпмиз. Айнан шу йўналишлар Ўзбекистон иқтисодиётининг яқин келажакдаги асосий локомотивларига айланади.

Муҳтарам дўстлар!

Бугун бизнинг олдимизда турган яна бир муҳим масала – экологик муаммолар ва сув танқислигидир. Тарозининг бир палласида ўсиб бораётган қурилишлар, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги турган бўлса, иккинчи палласида ҳар биримиз учун энг зарур бўлган сувни тежаш, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласи турибди.

Бизнинг вазифамиз – ҳар икки йўналишда ҳам мувозанатни сақлашдан иборат. Ҳеч қачон унутмаслигимиз лозимки, табиий ресурслар – бу келажак авлодларимизга ҳам тегишли бўлган бойликдир. Шу боис, улардан нафақат бугунги, балки эртанги кунимизни ҳам ўйлаб, оқилона фойдаланишимиз зарур.

Бу борада сувни, энергия ва бошқа табиий ресурсларни тежайдиган иқтисодиётга тезроқ ўтиш муҳим аҳамиятга эга. Биз учун “яшил” ва рақамли технологиялар, инновацион ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш вазифаси ҳам долзарб бўлиб турибди.

    Бошқа янгиликлар