Жорий йилнинг 7-8 сентябр кунлари Самарқанд Озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланган халқаро конференсияга мезбонлик қилади. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, тадбир ўтказилиши режалаштирилган Конгресс холлда халқаро конференсияга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича штаб 15-августдан бошлаб фаолият юритмоқда.
Халқаро конференсияда иштирок этиш учун дунёнинг 32 та мамлакатидан ташриф буюрадиган 2330 нафар хорижий эксперт анжуман доирасида дунёдаги глобал ўзгаришлар борасидаги ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашадилар.
Чунончи, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва қайта ишлаш дастурларини ишлаб чиқиш, тўғридан-тўғри ўзаро етказиб беришнинг келишилган схемаларини шакллантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласининг барча соҳаларида, шу жумладан сув ва ер ресурслари, рақамлаштириш ва инновасиялар, денгизга чиқа олмайдиган мамлакатларга сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун самарали логистика, «Яшил» ва экспресс йўлакларни ташкил этиш масалалари, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришдаги инновасион ва яхши натижа берган лойиҳаларга кенг ўрин ажратилади.
Конференсия доирасида миллий, минтақавий ва глобал миқёсда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг ҳозирги ҳолати тўғрисида кенг фикр алмашилади.
Нол очлик. 2030 йилгача очликни йўқ қилиш, барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда аниқ вазифаларни ўз ичига олган “Нол очлик”ка эришиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ҳолати чуқур таҳлил қилинади.
Қолаверса, анжуман якунида заминимиз истиқболига қаратилган лойиҳалар тақдимоти ўрин олган инвестисион форум ўтказилиши ҳам режалаштирилган.






