Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида дарахтлар дрел ёрдамида кесиб кетилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербоев маълум қилди.
Қайд этилишича, Чилтўғон (Тахтапул) маҳалласида тадбиркор қурилиш қилмоқчи бўлган. Бироқ маҳалла аҳли ва экологлар бу ердаги дарахтларнинг кесилишига қарши чиққан.
“Кесишнинг имкони бўлмагач, атроф ўралиб, кўздан пана ҳолда дарахтларнинг туби тешилиб, дарахтни қуритадиган суюқликлар қуйилган. Буни дарахтларга қарши суиқасд дейиш мумкин”, дейди собиқ депутат.
Маълум қилинишича, дарахтларни дрел ёрдамида тешиб қуритганларга қарши прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилган.
Дарахтларнинг қуритилиши оқибатида табиатга етказилган зарар миқдори 534 млн сўмни ташкил этмоқда.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.