Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистонда икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилганлик, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан очиқ инкор этганлик учун маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексларга қўшимчалар фаол муҳокама қилинаяпти.
Масала юзасидан лойиҳани қабул қилган дупутатлар қаторида "Миллий тикланиш" апртияси етакчиси Алишер Қодиров шахсий фикрини билдириб ўтди.
Афсус, доимгидек, “оғзингни оч, кўзингни ёп” усулида думалоқ-ёстиқ, троллинг ва хейтлар кам эмас. Бу чекловлар билан жамиятимизнинг қадрли мезонларини ҳимоя қилишга умид қилаяпмиз. Оила, аёл, аврат, никоҳ, фарзанд… ҳаммамиз учун, жуда қадрли мезонлар! Бугунги аҳволимизга қаранг! Ким қадрли мезонларимизни хавф факторларига айлантириб юбораяпти!?
Масалан, динимизда аёл кишининг юзи аврат эмас, лекин эътиқодни ниқоб қилиб, юзини тамоман ёпиб олган “мақсади номаълум”, бурқа кийиб олган эркаклар қўлга тушди, улар кимлар ва мақсадлари нима?! Авратни ёпиб юриш шарт, лекин юзингни очиб юр, Яратган юзни аврат қилмадику? Жамият, қолаверса яқинларимизни хавфсизлиги учун бунга эътибор бермаслик мумкинми?"- жея юзни беркитиб юриш тақиқланиши лозимлиги ҳақида ўз мулоҳазаларини келтирган депутат.
Шунингдек, Қодиров кенг муҳокама бўлаётган қўшхотинликни тарғиб қилишни тақиқлаш юзасидан ҳам гапирди.
"Никоҳ биринчи навбатда мажбурият! Никоҳ ўқитиб олиб, учта-тўртталаб фарзандни кўчага ташлаб кетаётган "эркак"лар кўпайиб кетди, бу статистика! Давлатга кўринмайдиган, қонунга асосан ёрдам бериш мумкин бўлмаган беҳужжат аёллар, болалар кескин ортиб кетди, бу кетишда нима бўлади?! Никоҳ, оила, фарзанд шунчалар беқадр бўлдими?
Никоҳ таъқиқланмади, уни мустаҳкамлаш учун тартибга солинаяпти: аввал рўйҳатдан ўт, давлат ҳар бир фуқарони ҳисобини билиши керак!
Реклама биринчи бўлиб қорни очга таъсир қилганидек, битта оилани эплаш қўлидан келмаган "қаҳрамонлар", динимизда белгиланган аниқ ва жуда оғир шартлар ва мажбуриятларга қарамай, бир калла қанд билан никоҳ ўқитиб олиб, ғўддайиб “алиментдан қочиб юришибди”!
Бу никоҳга иснод, аёлни ҳўрлаш эмасми!? Фаросат ва диний билими борлар тушунадиган чекловни таъқиқ деб бақираётганлар айнан шу "ғўдайганлар" бўлиб чиқса ҳайрон бўлмайман", - дейди депутат.
Дерутат шунингдек, нега жазо кучайтирилиши кераклигига ҳам изоҳ берди.
"Эътиқод сабабли камситиш каби совет касалидан қутулаяпмиз, лекин миллий, этник, "кўпчилик-озчилик" ниқобини кийиб олиб, қолганларни камситиш, оғзига уриш, провокация қилиш, йўқ жойда низо, адоват қўзғатишнинг мақсад-оқибатлари ҳақида соатлаб ёзиш мумкин. Бунга йўл қўймаслик учун ҳуқуқий асос яратилмоқда!
Осон бўладими ҳуқуқий баҳо!? Албатта йўқ, лекин қараб турмоқчи эмасмиз! Амалиёт хато кўрсатса, тузатилади, таҳлиллар тўхтатилмайди!
Албатта ёзиб, ҳаммасини тушунтириш қийин, айниқса ўжарлик билан кўзини очишни рад этаётганларга!
Лекин, бир нарсани аниқ айтаман, қонунлар ишланаётганида мутахассислар, соҳа билимдонлари билан маслаҳат қилинади.
Сиз тушунмаяпсиз дегани, хато дегани эмас! Муаммоларни муҳокама қилишни ўрганишимиз керак. Қонунчилик палатасида халқ, миллат, давлат, қадриятларни ҳақида қарорлар етмиш марта ўлчанади, бу муҳим қоида! Гоҳида, ҳаммага ҳам ёқмайдиган, лекин ҳамма учун зарур қарорлар ҳам қабул қилинади, буни ҳаммага тушунтириб бўлмайди!
Баъзида ҳимоя қилиш озор бериш орқали бўлади, даволаш оғриқ билан бўлганидек! Ҳаракатлар, қарашлар, фикрлар ҳар-хил бўлиши мумкин, лекин мақсадимиз ва Ўзбекистонимиз битта! Бир-биримизни асрашни ўрганмасак эл бўлолмаймиз!"- дейди сўзи якунида Алишер Қодиров.