Халқаро конференция давомида сессияларда муҳокама қилинган масалалар бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинди.
- Пандемия ва глобал чақириқлар бизни эски ёндашувларни қайта кўриб чиқишга руҳлантирмоқда, фермерлар ва агробизнесни рағбатлантириш, шунингдек қишлоқ хўжалигини юритишнинг янги услублари нақадар муҳимлигини исботлаяпти, – деди Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов. – Ўзбекистонда агроозиқ-овқат тармоғини қайта ташкил этиш жараёни кечмоқда. Биз қишлоқ хўжалигининг салоҳиятини кучайтириш ва аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун жаҳоннинг етакчи олимларини жалб этишни режалаштирмоқдамиз. Жаҳода янада юқори сифатли озиқ-овқат билан янада кўпроқ инсонлар қамраб олинишини таъминланиш учун янги ечимлар ва инновацияларни талаб қилмоқда. Мана шулар конференция муҳокамасида асосий ўринни эгалламоқда ва Самарқанд декларациясининг асосини ташкил қилади.
Самарқанд декларациясида иштирокчи мамлакатларнинг қишлоқ хўжалигини экологик жиҳатдан энг хавфсиз, биохилма-хилликни қўллаб-қувватлайдиган усулда, сув ресурсларидан оптимал фойдаланган ҳолда ривожлантириш, аҳоли, айниқса болалар ва ўсмирларнинг соғлом овқатланишига кўмаклашиш, мактабда овқатланиш комплекс дастурларини жорий қилиш, аёлларнинг агроозиқ-овқат тизимлари трансформациясидаги улушини ошириш учун қишлоқ жойларидаги аёллар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш, давлат миқёсида кичик ва оилавий хўжаликларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ишлаб чиқариш, табиий ва молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш каби мақсадлари қайд этилди.
Анжуман давомида бир қатор халқаро ташкилотлар раҳбари ва хорижий давлатлар вазирлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу кенг кўламли тадбирнинг айнан Ўзбекистонда ўтказилиши дунё жамоатчилигининг эътибори юртимизга, қадимий Самарқандга яна бир бор қаратилишига хизмат қилади.
Конференция 8 сентябрь куни ўз ишини давом эттиради.






