1

Хиросимада Ўзбекистоннинг сармоявий ва сайёҳлик салоҳияти тақдимоти ўтказилди

ДУНЁ 10.09.2023, 11:45
Хиросимада Ўзбекистоннинг сармоявий ва сайёҳлик салоҳияти тақдимоти ўтказилди

Мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонаси делегациясининг Хиросима префектурасига ишчи ташрифи давомида «Ўзбекистоннинг инвестициявий ва туризм салоҳияти» мавзусида тадбир ташкил қилинди,  деб  хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Хиросима савдо-саноат палатаси ва «Balcom Group» компанияси билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда Префектура кенгаши депутатлари, етакчи ишбилармон доиралар ва сайёҳлик компаниялари вакиллари, шунингдек, Наманган вилоятидан келган 10 га яқин компаниялар раҳбарлари иштирок этди.

Унда «Balcom Group» компанияси раҳбари, «Япония-Ўзбекистон иқтисодий, маданий ва спорт ҳамкорлиги жамияти» президенти Тецуро Ямасака сўзга чиқиб, сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳамда Япония ўртасидаги савдо-иқтисодий, сиёсий, туризм йўналишлари бўйича ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади. У, шунингдек, муваффақиятли фаолият сифатида «Balcom Group» компанияси томонидан Ўзбекистонга тўғридан-тўғри инвестиция киритилган ҳолда амалга оширилаётган лойиҳаларни қайд этди.

Ўзбекистон элчиси Мухсинхўжа Абдураҳмонов ўз чиқишида, мамлакатимизнинг инвестиция, савдо ва сайёҳлик соҳаларидаги мавжуд  салоҳият ҳақида сўзлаб берди.

Ўзбекистонда сўнгги 6 йил давомида давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш мақсадида хорижий ҳамда маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар натижалари, валюта бозорини эркинлаштириш, давлат мулкларини хусусийлаштириш йўналишларида амалга оширилган алоҳида  қайд этилди.

Мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишга бағишланган тақдимотда янги туризм йўналишлари ва «туризм контентлари»ни ишлаб чиқиш, сайёҳлик соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш, хорижий сайёҳларга қулайликлар яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар таъкидланди.

Тадбир якунида Ўзбекистондан келган компания вакиллари ва япон тадбиркорлари иштирокидаги «B2B» шаклидаги  учрашувлар ташкил этилди. Уларда ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари кўриб чиқилди ва  муҳокама қилинди.

Бундан  ташқари, Хиросима префектураси сайёҳлик компаниялари вакиллари билан мамлакатимизга ушбу ҳудуддан сайёҳлар оқимини ошириш ва Ўзбекистон туризм брендини  биргаликда кенг тарғиб қилиш бўйича келишиб олинди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1