1

Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 10 йиллик концепцияси: мақсад ва режалар

ЖАМИЯТ 19.09.2023, 13:30
Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 10 йиллик концепцияси: мақсад ва режалар

Биз сув танқислиги даврига қадам қўйдик. Бу муаммо бор ва буёғига тобора жиддийлашиб бораверади. Сув танқислиги, ушбу вазиятга таъсир кўрсатувчи омиллар, жумладан, иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ўсиши, сувга бўлган талабнинг ошиб бориши каби омилларни аниқлаш, доимий кузатиш ва таҳлил қилиш зарур. Бунга эса аввало қонуний база керак.

2019-2020 йиллар мобайнида сув хўжалиги соҳасини тартибга солувчи жами 30 га яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги Фармонига мувофиқ тасдиқланган Концепция улар орасида энг муҳим ҳужжатлардандир. Концепция соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва сув хўжалигини ривожлантириш бўйича қатор долзарб вазифалар ҳамда устувор йўналишларни ўз ичига олган.

Мазкур ҳужжатда 2030 йилга қадар қуйидаги мақсадлар назарда тутилган:

  • суғориш тизимларининг фойдали иш коэффициентини 0,63 дан 0,73 гача ошириш;

Яъни, масалан, 1 тонна сув билан ҳозир бизнинг деҳқонларимиз 63 сотих ерни суғораётган бўлса, янги технологияларни жорий қилиш, сув исрофгарчилигига чек қўйиш ҳисобига энди 1 тонна сув 73 сотих ерни суғоришга етказилади. Қишлоқ хўжалиги иқтисодиётимизнинг асосий тармоқларидан эканлигини, суғорилаётган майдонлар ҳажмини ҳисобга олиб айтиш мумкинки, бу рақам жуда катта фарқни англатади.

  • сув таъминоти паст бўлган суғориладиган ер майдонларини 560 минг гектардан 190 минг гектаргача камайтириш;

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар икки хил тоифага ажратилади. Биринчиси, табиий ёмғир билан суғориладиган лалми ерлар. Иккинчиси, сунъий суғориш тармоқлари орқали сув етиб борадиган ерлар. Барча мева-сабзавотлар, пахта ва ғалла ҳосилининг асосий қисми ана шу иккинчи тоифа ерларда етиштирилади. Бироқ, кўплаб суғориш тармоқлари (ариқлар, каналлар, коллектор-дренаж тармоқлари) ўтган асрда барпо этилган бўлиб, улар далаларга етарлича сув етказиб бера олмаяпти. Натижада, ер яроқсиз ҳолатга келиб қолади. Ҳозирга келиб бундай ерларнинг умумий майдони 560 минг гектарни ташкил қилади. Концепциянинг иккинчи мақсади суғориш тармоқларини таъмирлаш ва яхшилаш эвазига ушбу кўрсаткични 190 минг гектаргача камайтиришдир. Яна бир муҳим жиҳат шуки, эскирган суғориш тармоқлари сув йўқотишларининг бош сабабчиларидандир.

  • шўрланган суғориладиган ер майдонларини 226 минг гектарга камайтириш;

Етарлича ҳосил олиш учун шўрланган ер «яхши» ерга қараганда бир неча марта кўп суғорилади. Бу эса ортиқча меҳнат, электр энергияси, сув ишлатилади деганидир. Экологиянинг бузилиши сабабли Ўзбекистонда ерларнинг шўрланиш жараёни давом этмоқда.

  • Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станцияларининг йиллик электр энергияси истеъмолини 25 фоизга камайтириш;

Қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришда энг кўп ишлатиладиган ресурслардан биринчиси сув бўлса, иккинчиси насос станциялари томонидан ишлатиладиган электр энергиясидир. Сув хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, 2022 йилда суғориш майдонларидаги насос станциялари 4 850,4 млрд. сўмлик электр энергияси сарф қилган. Ўзбекистонда бу кўрсаткич Марказий Осиёдаги ўртача кўрсаткичдан 41% баланд.

  • барча ирригация тизими объектларига «Ақлли сув» сув ўлчаш ва назорат қилиш қурилмалари ўрнатилиб, сув ҳисобини юритишда рақамли технологияларни жорий этиш;

Ҳозирга келиб ривожланган мамлакатларда қишлоқ хўжалигига рақамли технологиялар шиддат билан кириб келмоқда. Дронлар, GPS, «ақлли» суғориш ва ўғитлаш технологиялари, экин майдонларини компьютер ёрдамида моделлаштириш ва мониторинг қилиш, об-ҳаво ва шамол таҳлиллари каби нарсалардан аллақачон фойдаланишмоқда. Концепциядаги бу мақсад айнан шунга қаратилган – рақамлаштириш орқали сув сарфини ўлчаш ва назорат қилиш.

  • 100 та йирик сув хўжалиги объектида сувни бошқариш жараёнларини автоматлаштириш;

Бунда АҚШ, Хитой, Туркия, Австралия сингари хорижий мамлакатларнинг сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш бўйича тажрибаларидан фойдаланилади.

  • сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ерларнинг умумий майдонини 2 миллион гектаргача, шу жумладан, томчилаб суғориш технологиясини 600 минг гектаргача етказиш;

Бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон бугунги кунда Марказий Осиёда 1 ўринда, МДҲ давлатлари орасида 2 ўринда, Осиё давлатлари орасида 4 ўринда, дунёда эса 13 ўринда турибди. Концепцияда республикадаги барча экин майдонлари ушбу технологиялар билан қамраб олиш мақсад қилинган.

  • сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида 50 та лойиҳани амалга ошириш.

Шунингдек, Концепцияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси», асосий мақсадли кўрсаткичлар ва индикаторлар белгиланган.

Концепция сув хўжалигидаги стратегик йўналишларни белгилайди, бу эса мамлакат сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш имконини беради.

Асосий мақсад – сувдан фойдаланишда иқтисодий, экологик ва ижтимоий мувозанатни таъминлаш. Шу йўл билан сув экотизимларини сақлаш, сув ифлосланишининг олдини олиш ва аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш.

Ушбу ҳужжат муваффақиятли амалга оширилиб, ирригация тизими бутун республика бўйича ривожлантирилса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари импортига қарамликни камайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1