1

Танзила Нарбаева Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери билан музокара ўтказди

СИЁСАТ 19.09.2023, 15:14
Танзила Нарбаева Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери билан музокара ўтказди

Олий Мажлис Сенати Раиси бошчилигидаги делегация Корея Республикасида амалий ташриф билан бўлиб турибди. Ташриф доирасида Танзила Нарбаева Миллий Ассамблея Спикери Ким Чжин Пхё билан музокара ўтказди.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги дўстлик ҳамда алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар, айниқса парламентлараро алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Парламентлараро ҳамкорлик самарали йўлга қўйилгани, парламент раҳбарларининг ўзаро ташрифлари доирасида амалий келишувларга эришилгани, дўстлик гуруҳларининг ўзаро мулоқот фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.

Ўзбекистон ва Корея ҳудудлараро ҳамкорлигини кенгайтириш, хусусан маҳаллий Кенгашлар ўртасида аниқ чора-тадбирлар кўрсатиб ўтилган қўшма дастурни қабул қилиш орқали ҳудудлардаги депутатлар ўртасида яқин алоқалар ўрнатиш юзасидан фикр алмашилди.

Корея Ўзбекистоннинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги етакчи савдо-иқтисодий шерикларидан биридир. Шу нуқтаи назардан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш энг устувор вазифа ҳисобланади. Охирги 5 йилда товар айланмаси икки баравар ошди. 2022 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 23,3 фоизга ўсди ва 2,34 млрд долларни ташкил қилди. 2025-йилга бориб мазкур кўрсаткични 5 млрд долларга етказиш учун катта имкониятлар мавжудлиги айтиб ўтилди.

Хусусан, аниқ мақсадларга эътибор қаратилиб, қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, ишлаб чиқариш корхоналарини зарур инфратузилма билан таъминлаш, ноёб металларни ўзлаштириш, шунингдек, юқори тезликда ҳаракатланиш имконини берувчи йўллар барпо этиш борасида ҳамкорликни кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Маданий-гуманитар алоқалар ҳам томонларнинг диққат марказида бўлиб, таълим ва кадрлар тайёрлаш йўналишларидаги қўшма дастурларни амалий мазмун билан бойитиш  таклифлари илгари сурилди.  

Мамлакатлар позицияларининг яқинлигидан келиб чиқиб, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, жумладан, БМТ институтлари ва бошқа тузилмалар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашга, кўп қиррали ҳамкорликнинг устувор ва истиқболли йўналишлари бўйича икки томонлама муносабатларни янги даражага олиб чиқишга келишиб олинди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1