АсосийJamiyat

Тошкентда Туркия Соғлиқ билимлари университетининг ҳамширалик факултети очилади

'Тошкентда Туркия Соғлиқ билимлари университетининг ҳамширалик факултети очилади'ning rasmi

Бу йилдан Тошкентда Туркия Соғлиқ билимлари университетининг ҳамширалик факултети фаолиятини бошлайди. Бу ҳақда Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган давра суҳбатида маълум қилинди. 

Маълум қилинишича, 2019 йилдан буён Соғлиқ билимлари университети Ўзбекистондаги тиббиёт институтлари ва соғлиқни сақлаш илмий марказлари билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Университет Ўзбекистонда тиббий таълим йўлга қўйилган 13 та муассаса билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаган. Ушбу муассасалар вакиллари бўлган 1000 га яқин талаба ва профессор-ўқитувчилар академик мобиллик дастурлари доирасида Соғлиқ билимлари университети қарашли шифохоналарда амалиёт ўташ имкониятига эга бўлдилар. Бундан ташқари, ҳар йили Туркияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам кўплаб конгресслар, семинарлар, конференциялар ва мастер класс тренинглари ўтказилади. Соғлиқ билимлари университети Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги билан ҳам ҳамкорлик қилади. 

2022 йилда Соғлиқ билимлари университети профессор-ўқитувчилари бўлмиш туркиялик ҳарбий шифокорлар Тошкентдаги ҳарбий госпиталда фаолият юритаётган ўзбекистонлик шифокорлар учун ўқув семинарлари ташкил этишди, шунингдек, ўзбекистонлик ҳамкасблари билан 250 га яқин жарроҳлик амалиётларида иштирок этишди. 2023 йил 14 январ куни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири Баҳодир Қурбоновнинг таклифига биноан Соғлиқ билимлари университети делегацияси Ўзбекистон ҳарбий тиббиёт академияси жарроҳлик мажмуаси ва Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳарбий госпиталининг очилиш маросимида иштирок этди. 

Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг 17.04.2019 ва 24.06.2019 йилдаги фармонлари билан Бухоро давлат тиббиёт институти билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик меморандуми доирасида Бухоро шаҳрида Ибн Сино номидаги тиббиёт факултети ва Ибн Сино ШМЁ очилди. Айни пайтда Бухоро шаҳридаги факултетда жами 446 нафар, Тиббиёт факултетида 255 нафар ва касб-ҳунар билим юртида 191 нафар талаба таҳсил олмоқда. Бундан ташқари, Соғлиқ Билимлари Университети нинг ЙÖС комиссияси 1-курсга қабул қилинадиган талабаларнинг имтихон жараёнларини ташкиллаштирмоқда. 2022 ва 2023 йилларда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида меҳнат қилаётган талабалардан 130 нафари “Анестезиология”, “Биринчи ва шошилинч тиббий ёрдам” ва “Физиотерапия” йўналишларини тамомлади. Ҳар йили Соғлиқ Билимлари Университетида ишлайдиган 100 га яқин ўқитувчи асосий ва клиник фанлардан дарс бериш учун Ўзбекистонга келади. Бундан ташқари хар йили Бухородаги бўлимларимизда таҳсил олаётган талабалар Соғлиқ Билимлари Университетига қарашли шифохоналарда узоқ муддатли ёзги амалиёт ўташ имкониятига эга бўлади.

    Бошқа янгиликлар