Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида темир йўл соҳасида ҳал қилиниши лозим бўлган асосий масалалар юзасидан йиғилиш бошланди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар бермоқда.
Сўнгги етти йилда мамлакатимизда саноат корхоналари сони 2,7 бараварга ошиб, 110 мингтага етгани, 2 мингдан зиёд турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани, саноат ҳажми 1,5 бараварга ошгани қайд этилди.
Экспорт ҳажми 1,6 баробар кўпайиб, ўтган йили 19 миллиард долларга етди. Булар ҳисобига мамлакатимизда юк айланмаси 30 фоизга ошди. Айниқса, Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Самарқанд ва водий вилоятларига юк ташиш 1,5 баравар кўпайди.
Шу билан бирга, ҳалқаро майдондаги вазият ҳисобига транспорт-логистика харажатлари бир неча баробар ошиб кетди.
Ўзбекистон каби дунё океанларига тўғридан-тўғри чиқиш имкони йўқ мамлакатлар учун энг қулай ва арзон транспорт бу – темир йўл ҳисобланади.
Лекин, ҳозир ички бозорда маҳсулотнинг атиги 5 фоизи, экспортда эса 45 фоизи темир йўл орқали ташилмоқда. Яъни, темир йўл компанияси автомобилда юк ташиш билан рақобат қила олмаяпти.
Йиғилишда темир йўл соҳасидаги ислоҳотлар суръати иқтисодиётнинг барча тармоқларида амалга оширилаётган янгиланишлардан ортда қолаётгани, бу соҳада ҳам туб ўзгаришларни амалга ошириш вақти келгани таъкидланди.
Жумладан, бундан икки ой аввал соҳага янги раҳбар тайинланган эди. Тизимда эскича фикрлайдиган, ташаббус билдирмайдиган 30 га яқин раҳбар янгиланди. Самарасиз штатлар қисқартирилди.
Президент топшириғига кўра, 191 та темир йўл станциясига борилиб, улардаги ҳақиқий аҳвол таҳлил қилинди, 500 дан зиёд тадбиркорлар билан учрашилди.
Ушбу тадбирлар натижасида соҳада ҳал қилиниши бўлган асосий муаммолар аниқланиб, уларнинг ечимлари белгилаб олинди.
Жумладан, айрим темир йўл корхоналари рентабеллиги паст, вагонлар паркининг бир қисми таъмирталаб ва янгиланишга муҳтож, соҳада хусусий сектор иштироки учун зарур имкониятлар яратилмаган, билет сотишдаги коррупция, вагонлардаги шароит ва сервисдан аҳолимиз норози. Буларнинг барчаси соҳани ислоҳ қилиш заруриятини кўрсатмоқда.
25.09.2023 18:35
Темир йўл компанияси автомобилда юк ташиш билан рақобат қила олмаяпти - Президент
