20 сентябрь куни тунда Паркент туманидаги "Сўқоқ" қишлоғидаги "Сўқоқ Лазиз Соли" фермер хўжалиги ер майдонларига Тян-Шан қўнғир айиғи келиб қолди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Вазирлик хабарида таъкидланишича, 2022 йил қиш совуқроқ келганлиги сабабли тоғли ҳудудлардаги айрим мевали дарахт ва буталарни совуқ уриб, ҳосил жуда камайиб кетган. Натижада айиқ озуқа излаб, аҳоли яшаш пунктига тушиб келган ва фермер хўжалигига тегишли бўлган 14 бош қўйдан 2 тасини олиб кетган. Бир бош қўй ярадор қилинган.
Экология бошқармаси ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ушбу ҳудудда дала шийпонларида яшовчи 4 та оила 30 дан ортиқ қора мол, қўй ва эчкилари билан бирга ўзларининг яшаш хонадонларига кўчириб юборилган.
Қайд этилишича, 21 сентябрдан бошлаб айиқ тушиб келган ҳудуд масъуллар томонидан доимий назорат қилинмоқда. Ҳозирча ҳеч қандай айиқ ёки бошқа ёввойи ҳайвонлар кузатилмаган.