Ижтимоий тармоқларда ватандош ҳотин-қизларимизни Истанбул, Анталя, Измир, Бодрум ва бошқа шаҳарларга катта маблағ эвазига "Консоматрис" (Конс) ишларига таклиф этиб рекламалар тарқатилаётгани кузатилмоқда. Бунда Павиён (тунги кафе) ҳодимлари ёш қизларни ёллаб, келган мижозларига ўз нархидан оширилган нархларда ичимлик ва озиқ-овқат олдириш учун ёлламоқда. Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси Туркиядаги хотин-қизларни огоҳлантирди.
Қайд этилишича, мазкур фаолият тури билан шуғулланганларга маҳаллий полиция томонидан Туркиядан чиқариб юборилиш чораси кўрилмоқда.
"Бу Консоматрис фаолияти бизнинг урф-одатимиз, миллий анъаналаримиз ва муқаддас динимизга тўғри келмаслиги ҳаммамизга маълум.
Туркия ҳудудида ҳуқуқбузарликлар иштирокчиси бўлиб қолишингиз, жабр кўришингиз ёки айбдор бўлиб қолишингизнинг олдини олиш мақсадида, Сиз яшаб турган давлатнинг қонун талабларига риоя қилишингизни, ўзингиз ва яқинларингиз ҳаёти ва соғлигига ҳавф туғдириши мумкин бўлган жойлар ва шахслардан йироқ бўлишингизни тавсия қиламиз.
Агар Сизда шу каби реклама тарқатаётганлар ва консоматрисликка жалб қилаётган шахслар ҳақида маълумот бўлса консулхонага ҳабар беришингизни сўраймиз", - дейилади расмий хабарда.