Президент Шавкат Мирзиёев Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси томонидан ташкил этилган иқтисодий форумда иштирок этмоқда. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар бермоқда.
Давлатимиз раҳбари "Марказий Осиё - Германия" иқтисодий форумига мунтазам тус бериб, навбатдаги учрашувни Ўзбекистонда, барча мамлакатларнинг ишбилармон доиралари иштирокида ўтказишни таклиф қилди.
Ўзбекистон Президенти глобал миқёсдаги ишонч инқирозининг жаҳон бозорларига салбий таъсир кўрсатаётган, муқобил савдо-логистика йўналишларини излашга мажбур қилаётган оқибатларини бугун мамлакатларимиз ҳам сезаётганини таъкидлади.
Шу муносабат билан иштирокчиларнинг эътибори Марказий Осиёдаги жараёнларга қаратилди.
"Эндиликда бу умуман бошқача, кучли ва жипс минтақа. Мамлакатларимиз биргаликда замонавий таҳдидларга самарали қарши турмоқда, барқарор ўсишни намойиш этмоқда", - деди Президентимиз.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки экспертларининг ҳисоб-китобларига кўра, яқин йилларда давлатларимиз ялпи маҳсулотининг жами ўсиши беш фоиздан ортиқ даражада барқарор сақланиб қолади.
29.09.2023 19:18
Президент Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси томонидан ташкил этилган иқтисодий форумда нутқ сўзламоқда
