АсосийDunyo

Қозоғистонда балиқ орқали юқадиган хавфли касалликка чалинганлар сони ортмоқда

'Қозоғистонда балиқ орқали юқадиган хавфли касалликка чалинганлар сони ортмоқда'ning rasmi

Ғарбий Қозоғистон вилоятида 113 кишида балиқ орқали юқадиган паразит қуртлар қўзғатувчи описторхоз касаллиги аниқланди, дея ёзди "nur.kz"

Ғарбий Қозоғистон вилояти санитария-эпидемиология назорати бошқармаси вакилларининг маълум қилишича, йил бошидан буён вилоятда 113 та описторхоз касаллиги қайд этилган. Қайд этилишича, бундай ҳолатлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26 фоизга ошган. "Описторхоз - бу балиқ орқали юқадиган гижжага ўхшаш касаллик. Ташхис нажас ёки сафрода гельминт тухумлари аниқланганда тасдиқланади. Касалликнинг кўпайишига балиқни номаълум савдо жойларида сотиб олиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилмаслик сабаб бўлган бўлиши мумкин”, - дейилади хабарда. Мутахассисларнинг фикрига кўра, описторхознинг асосий белгилари: юз ва танада тошма; тана ҳароратининг 37-38 даражага кўтарилиши, бу тўрт ҳафтагача давом этади; икки ҳафтагача давом этадиган бош оғриғи; уйқу бузилиши, заифлик, терлаш ва иштаҳани йўқотиш; ўнг томонда ёки елкада, мушакларда оғриқ; аллергик реакциялар. 

"Агар касаллик тўлиқ даволанмаса, у жигар касаллигига, ўт йўлларининг яллиғланишига ва юрак касалликларига олиб келиши мумкин", деб таъкидлади СЭС бўлими. Шунингдек, қозоғистонликлар ушбу касалликнинг асосий манбаи дарёларда яшовчи сазан оиласи балиқлари эканлиги ҳақида огоҳлантирилди. Шунинг учун соғлиқни сақлаш шифокорлари тавсия қиладилар: сазан оиласининг хом, етарли даражада тузланмаган, ёмон қуритилган балиқларини истеъмол қилмаслик; хом балиқни кесиш пайтида ёки ундан кейин шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш; балиқни камида 20 дақиқа қовуриш. 

Маълумот учун, сентябрь ойи ўрталарида Қарағанда вилоятида брутселлоз касаллиги авж олгани маълум бўлган эди. Бундан ташқари, Абай вилояти Бескарағай тумани, Жетижар қишлоғида куйдирги касаллиги сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Шу билан бирга, август ойи охирида Оқмўла вилоятидаги қишлоқлардан бирида 12 киши куйдирги касаллигига чалинган эди. Улар касалхонага ётқизилган, қишлоқнинг ўзи эса карантинга олинган.

    Бошқа янгиликлар