Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Миллий университети проректори мурожаатчи аёлни ҳақоратлагани акс этган видео тарқалди.
Университети матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу ҳолат 2023 йил сентябр ойи биринчи ўн кунлигида рўй берган. Мурожаатчи аёл проректор қабулига кирган. Қизи геология факултети 1-курси кечки бўлимга ўқишга кирганини айтиб, талабалар турар жойидан ўрин ажратиш ва иш билан таъминлашни талаб қилган.
"Проректор мурожаатчига кечки таълим шаклида таҳсил оладиган талабалар учун ётоқхона етишмаслиги, ўринлар кундузги таълим шаклида ўқийдиган талабаларни қамраб олганини билдирган. Мурожаатчи тушунишни хоҳламай, у ҳолдаи иш билан таъминлаш талабини қўйган. Проректор агар имконият топсак, мактаблардан иш гаплашиб берамиз, деб керакли тавсияларни берган. Аёл эса фарзандига университетдан иш ҳал қилиб бериш талабини қўйган.
Талаблари тўлиқ қаноатлантирилмаган аёл кетар чоғида университет раҳбарияти ва проректорни ўринсиз ҳақоратлаб кетган. Куракда турмайдиган сўзлар проректорнинг нафсониятига теккан ва у ҳам аёлга нисбатан қўпол сўзларни ишлатган. Шу вазият мурожаатчи томонидан ёзиб олинган ва “проректор мурожаатчи аёлни ҳақорат қилди” деган маънодаги қисми тарқатилган. Мазкур вазиятга проректор котибаси, университет хотин-қизлар қўмитаси раиси ҳамда қабулдаги фуқаролар гувоҳ бўлишган", дейлади баёнотда.
Университет проректори билан рўй берган ушбу ҳолатда адолатли қарор чиқариш юзасидан тегишли орган томонидан текшириш ишлари олиб борилмоқда.
Вазият тўлиқ ўрганилиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилгунича ҳозирда видеода акс этган проректор ўз вазифасидан вақтинча четлатилди ва унинг вазифалари университетнинг бошқа масъул проректорига юклатилган.






