Кеча Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларига Кавказ ҳудудларидан нам ҳаво массалари кириб келди, бугун эса нам ҳаво массалари республикамизнинг барча ҳудудларига тарқалмоқда. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун кундузи ва 7 октябрга ўтар кечаси ҳудуднинг катта қисмида булутли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, баъзи жойларда ёмғир ёғади, айрим жойларда шамол тезлиги 13-18 м/с гача кучаяди. Ҳаво ҳарорати кечаги кунга нисбатан 6-8 га паст бўлиб, 18-23 градусни ташкил этади.
Эртага кундузи нам ҳаво массаси Ўзбекистон ҳудудидан чекина бошлайди ва республика бўйича яна ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади, фақат эрталабки соатларда марказий ва шарқий вилоятларнинг айрим жойларида бироз ёмғир ёғиши мумкин. Якшанба куни эса Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича ёғингарчилик кутилмайди.
Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади ва якшанба куни 22-27градусни ташкил этади.
Кечаси ва эрталаб салқин бўлиши кузатилади, ҳаво ҳарорати 9-14градус атрофида бўлади.
Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида 6-8 октябр кунлари вақти-вақти билан ёмғир ёғади. 6-7 октябрда баъзи жойларда кучли бўлади, сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. Баланд тоғли ҳудудларда ёмғир қорга айланиши эҳтимоли бор.
Тошкентда: ҳаво ўзгариб туради, 6 октябрда ва 7 октябрда кечаси вақти-вақти билан ёмғир ёғади. 7 октябрда эрталаб бироз ёмғир ёғиши мумкин, кундузи ёғингарчилик кутимайди. 8 октябрда ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 5-10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат асосан кечалари 11-14градус, кундузи 6 октябрда 21-23градус, 7-8 октябрда 23-26градус бўлади.