1

Маданият вазирлиги қарийб ярим миллиард сўм сарфланган портал бўйича изоҳ берди

МАДАНИЯТ 07.10.2023, 10:43
Маданият вазирлиги қарийб ярим миллиард сўм сарфланган портал бўйича изоҳ берди

Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг санъаткорлар ҳақида маълумот берувчи портални яратиш учун қарийб ярим миллиард сўм маблағ сарфлаётгани ҳақидаги буйруғи танқидларга сабаб бўлмоқда.

Вазирлик ушбу эътирозларда муносабат билдирди. 

"Аввало, бугунги кунда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган маданият ва санъат соҳаси вакиллари, уларнинг ижодий фаолияти тўғрисида аҳолига ишончли маълумотларни етказиб берадиган ягона очиқ ахборот тизими мавжуд эмас. 

Иккинчидан, аҳолимизнинг тўй, маросим ва бошқа тадбирларга ўзлари маъқул кўрган санъаткор, ижодкор ёки ижодий жамоаларни таклиф қилиш истаги бўлсада, улар билан тўғридан-тўғри контакт ўрнатиш, боғланиш ёки режа қилинган куни уларнинг вақти, имкониятини билиш қийинчилик туғдириб келади. Яъни, санъаткор ва мухлис ўртасида интеграцион майдон мавжуд эмас. 

Учинчидан, яратилаётган портал энциклопедик хусусиятга эга бўлиб, фақат 10 нафар санъаткорнигина эмас, балки мамлакатимизда ижод қилаётган барча маданият ва санъат соҳаси вакиллари – хонанда-созанда, актёр-актриса, режиссёр, шоир-ёзувчи, сўз усталари, рақс санъати, тасвирий ва амалий санъат вакиллари, аскиячилар, бахши, жиров, оқинлар, цирк артистлари, фольклор жамоалари, ашула ва рақс ансамбллари, эстрада гуруҳлари, оркестр ва хор жамоалари, театр жамоалари тўғрисидаги аниқ ва ишончли маълумотлар билан тўлдирилади. 

Тўртинчидан, мазкур онлайн тизим Электрон ҳукуматнинг марказлашган платформаси; санъаткорларнинг лицензияси бор ёки йўқлигини текширишга кўмаклашувчи Адлия вазирлигининг "Лицензия" ахборот тизими амда фойдаланувчиларга санъат ва маданият вакиллари ижодига баҳо бериш, шарҳ қолдириш имкониятини берадиган “Имкон Узбекистан” ННТнинг “commeta sharh” онлайн платформаси билан интеграция қилинади. 

Бешинчидан, портал орқали маданият ва санъат вакилларини давлат мукофотларига тавсия этишда шаффофликни таъминлаш, жумладан, “Рейтинг баҳолаш” қуйи тизими орқали кенг жамоатчиликнинг шарҳ ва комментларини ҳисобга олиш, ижодкорлар фаолиятини адолатли сарҳисоб қилиш, умумий баҳоларни автоматик равишда ҳисоблаб бориш режа қилинган.  

Вазирлик юқоридаги зарурат ва эҳтиёжлардан келиб чиқиб ягона очиқ ахборот тизимини яратиш ташаббусини илгари суради. Мазкур портални ишлаб чиқиш харажатлари эса кўп функцияли ва катта маълумотлар базасини ўзи ичига қамраб олувчи янги тизимнинг мураккаб техник вазифаларини ҳисобга олган ҳолда белгиланган. 

Оммавий ахборот воситалари вакиллари, кенг жамоатчиликка мазкур портал ҳақида тўлиқ маълумот олиш имкониятини яратиш учун келгусида вазирлик томонидан брифинг ўтказилишини маълум қиламиз", - дейилади вазирлик Ахборот хизмати томонидан эълон қилинган муносабатда. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1