Ўзбекистон тарихида иккинчи бор ташкил этилган мазкур турнир республиканинг барча ҳудудидаги ўқитувчиларни қамраб олди. Турнир ташкилотчилари Масс-медиани қўллаб қувватлаш ва ривожлантириш жамоатчилик фонди ва “Заковат интеллектуал клуби” ННТ.
Турнир низомига кўра, турнир икки (саралаш ва республика) босқичда ўтказилди.
Турнирнинг саралаш босқичи 24 сентябрь куни республиканинг 14 та ҳудудида бир вақтда ўтказилиб, унда жами 605 жамоа, 4235 нафар ўқитувчи қатнашди. Саралаш якунида барча ҳудуддан жами 46 та жамоа турнирнинг республика босқичига йўлланма олди.
Республика босқичига йўл олган жамоалар сони таълим муассасалари кесимида қуйидагича бўлди:
33 та мактаб жамоалари;
10 та олий таълим муассасаси жамоалари;
3 та ўрта-махсус ва профессионал таълим муассасаси жамоалари.
Турнирнинг республика босқичи 46 та жамоа иштирокида 8 октябрь куни Тошкент шаҳридаги “Заковат арена” биносида ўтказилди.
Республика босқичи ўйини ҳар бири 12 та саволдан тўртта турда (жами 48 та савол билан) ўтказилди.
Кескин курашлар остида кечган ўйинда қуйидаги жамоалар совринли ўринларни эгаллади:
1-ўрин: Sodiq scholl нодавлат таълим муассасаси
2-ўрин: Чирчиқ давлат педагогика университети
3-ўрин: Фарғона давлат университети
Ғолиб жамоалар қуйидаги миқдордаги пул мукофотлари билан тақдирланди:
1-ўрин - 100 млн сўм;
2-ўрин - 60 млн сўм;
3-ўрин - 40 млн сўм.
Шунингдек, ғолиб жамоаларга махсус тайёрланган медаллар топширилди.
Турнир иштирокчиси сифатида ҳудудлардан Тошкент шаҳрига келган ўқитувчиларнинг транспорт, меҳмонхона ва овқатланиш харажатлари “Заковат интеллектуал клуби” ННТ томонидан қопланди.
08.10.2023 20:51
Тошкентда ўқитувчилар ўртасидаги “Заковат” интеллектуал турнирининг республика босқичи ўтказилди
