АсосийJamiyat

Тошкентда айрим автобус йўналишлари ўзгартирилди

'Тошкентда айрим автобус йўналишлари ўзгартирилди'ning rasmi

Тошкент шаҳрида ҳаракатланувчи иккита автобуснинг йўналишига ўзгартириш киритилди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” хабар берди.

Хусусан, Ўзбекистон президентининг 2023 йил 16 февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-59-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, 2023 йил 16-октябр кунидан бошлаб, 89-сонли “Қорасув 1-мавзеси — Чорсу савдо маркази” автобус йўналиши ҳаракати Чорсу савдо маркази бекатидан Пахтакор метроси АШБгача қисқартирилади. Қисқартиришдан сўнг 89-сонли йўналиш “Қорасув 1-мавзеси — Пахтакор метроси” оралиғида ҳаракатланади.

89-сонли йўналиш хизматларидан фойдаланувчи йўловчилар Чорсу савдо марказича етиб олиш учун Пахтакор метроси бекатидан 53, 64, 65-сонли автобус йўналишлари хизматларидан фойдаланиш имконияти мавжуд.

Шунингдек, 16-октябр кунидан бошлаб, 14-сонли “ТТЗ бозори — Тошкент вокзали” автобус йўналиши ҳаракати Юзработ кўчаси бўйлаб ТТЗ автошоҳбекатигача узайтирилади. Узайтиришдан сўнг 14-сонли йўналиш ТТЗ бозоригача ҳаракатланмасдан, “ТТЗ автошоҳбекати — Тошкент вокзали” оралиғида ҳаракатланади.

14-сонли йўналиш хизматларидан фойдаланувчи йўловчилар ТТЗ бозори бекатигача етиб олиш учун 17-сонли автобус йўналиши хизматларидан фойдаланишлари имконияти мавжуд.

    Бошқа янгиликлар