АсосийJamiyat

Ўзбекистон бўйлаб “Ҳаёт улаш” хайрия акцияси ўтказилади

'Ўзбекистон бўйлаб “Ҳаёт улаш” хайрия акцияси ўтказилади'ning rasmi

Жорий йилнинг 12 октябрь куни Тошкентда республика миқёсида ўтказиладиган “Ҳаёт улаш” хайрия акцияси бошланиши юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Акция “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг ташаббуси бўлиб, унинг доирасида бизнес ҳамжамияти ва тадбиркорлар билан биргаликда Ўзбекистоннинг чекка маҳаллаларидаги аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсад қилинган.  

Дунёнинг кўплаб давлатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам ичимлик суви танқислиги долзарб муаммолардан бири. Бугунги кунда республикамиз аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 74,4 фоизни ташкил этади. Айрим вилоятларда бу кўрсаткич 60 фоиздан кам.  

Аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш масалалари давлат раҳбарининг доимий эътиборида. Маълумотларга кўра, сўнгги 6 йилда ичимлик суви соҳасига давлат буджетидан 14 триллион 500 миллиард сўм ёки олдинги даврга нисбатан 6 баравар кўп маблағ ажратилган. 31 минг километр ичимлик суви ва оқова тармоқлари ўтказилган. Бу ишлар натижасида 1 000 та маҳалладаги 6,5 миллион аҳоли яшайдиган хонадонларга илк бор тоза ичимлик суви кириб борди.

Бироқ ҳали 30 та туман ва 1 минг 400 та маҳаллада ичимлик суви таъминотини яхшилаш талаб этилади.  

“Юксалиш” ҳаракат томонидан маъсул давлат идоралари иштирокида республикамизнинг 14 та ҳудудидаги ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ вазият, қудуқ қазиш, филтр ўрнатиш ишлари ўрганилди. Сув чиқариш мумкин бўлган бирламчи рўйхат шакллантирилди.

Матбуот анжуманида “Ҳаёт улаш” акциясига дастлаб Хоразм вилоятида старт берилиши, октябр ойи давомида сув чиқариш ишлари Навоий ва Сурхондарё вилоятларида давом эттирилиши маълум қилинди.  

Биринчи босқичда ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган тадбиркорлар, ҳомийларнинг хайрия маблағлари сарфланади. Натижада 9 700 дан зиёд нафар аҳоли обиҳаётдан баҳраманд бўлиш имконига эга бўлади. Кейинги босқичларида бошқа ҳудудларни ҳам қамраб олиш режалаштирилган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Жиззах, Бухоро вилоятларининг чекка қишлоқларида сув манбаларини топиш ишлари якунига етган.  

Шу тариқа хайрия акцияси давомида жами 40 мингга яқин аҳолига ичимлик суви етказиб берилиши кўзда тутилган.

Акция доирасида келиб тушган ва сарфланган маблағлар тўғрисидаги барча маълумотлар Hayotulash.uz сайтида ҳамда @hayotulash Телеграм каналида доимий эълон қилиб борилади.

    Бошқа янгиликлар