12 октябрь куни “Алишер Навоий” метро бекатида хизмат қилаётган ИИО ходими О.Илҳомов қиз электр поезди станцияга яқинлашаётган пайтда рельсга сакраб тушганини пайқаб қолган.
Ходим дарҳол унга ёрдамга шошилган ва рельсга сакраб тушиб уни кўтариб тортиб олишга ҳаракат қилган.
Машинист ходимни пайқаб, дарҳол электр поездини тўхтатган. Бу вақтда иккинчи назоратчи ходими А.Асқаров ёрдамга етиб келган ва у ҳам рельсга тушиб, қизни биргаликда платформага кўтариб олишган.
Шундан сўнг поездлар ҳаракати тикланган. Қиз билан суҳбат ўтказилганда, у 2005 йилда Фарғона вилоятида туғилгани, ҳозирда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг 2-курс талабаси экани маълум бўлган.
Қизга тиббий ёрдам кўрсатилиб, унинг қариндошларига ушбу воқеа ҳақида хабар берилган.
Воқеа содир бўлганидан сўнг, станцияда жойлашган кузатув камераларидаги видеоёзув текширилганда воқеа вақтида қиз ўзини ноодатий тутгани аниқланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






