Жорий йил 10-октябр куни “Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2024-йил 1-январдан:
— автомобил йўлларида бажариладиган иш турлари қуриш ва реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда сақлашдан иборат бўлади;
— лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, йўл-қурилиш ишларини амалга ошириш, шунингдек, уларни қабул қилиб олишда ҳажм ва сифат кўрсаткичларини назарда тутадиган тизим (“ҳажм услуби”) жорий этилади;
— автомобил йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари якунланган обектларнинг асосий конструктив элементлари бўйича камида уч йиллик кафолатли хизмат қилиш муддати жорий қилинади;
— йилнинг ҳарорат юқори бўлган вақтларида автомобил йўлларида юк ташувчи транспорт воситалари ва автопоезд (тиркама)ларнинг (махсус транспорт воситаларидан ташқари) ҳаракатланишига мавсумий чекловлар ўрнатилади.
Халқаро аҳамиятдаги М39 “Тошкент – Термиз” автомобил йўлининг “Тошкент – Чиноз” йўналишидаги 817 – 827 км қисмини илғор хорижий технологиялар ва замонавий халқаро стандартлар асосида семент-бетон қоплама қурган ҳолда реконструкция қилиш лойиҳаси амалга оширилади.
1. 2025-йил 1-январдан янгидан бошланадиган йўл-қурилиш обектларида лойиҳани муҳандислик бошқариш ва техник назорат қилиш ишлари аутсорсинг шартлари асосида Халқаро муҳандислар-консултантлар федерасияси (ФИДИC) амалиёти ва ҳужжатларига мувофиқ мустақил ташкилотлар, шу жумладан хусусий сектор томонидан амалга оширилади.
2023-йил 31-декабргача Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан автомобил йўллари, кўприклар ва сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш (шу жумладан, техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш), қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-қидирув ҳамда қурилиш-пудрат ташкилотларини “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида баҳолаш мезонлари такомиллаштирилади.
Умумий фойдаланишдаги автомобил йўллари бўйида яшил ҳудудларни барпо этиш доирасида Автомобил йўллари қўмитаси таркибидаги “Ўзйўлкўкаламзорлаштириш” давлат муассасасининг ҳудудий бўлинмалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари тасарруфига ўтказилади.
2024-йил 1-январдан тажриба-синов тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда узунлиги 20 кмгача бўлган умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини эксплуатасия қилиш ишларига аутсорсинг асосида хусусий сектор жалб қилинади.
Автомобил йўллари қўмитаси таркибида қуйидагилар ташкил этилади:
- “Ўзйўлкўприк” кластери ва унинг ҳудудий филиаллари;
- “Автомобил йўллари техник ҳолати таҳлили ва ҳаракат хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси.
2024-йилдан хўжаликлараро қишлоқ автомобил йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун бюджет маблағлари фақат “Менинг йўлим” дастури орқали ажратилади.






