АсосийJamiyat

Ўзбекистонда 1 ноябргача “Uzenergo” мобил иловаси ишлаб чиқилади

'Ўзбекистонда 1 ноябргача “Uzenergo” мобил иловаси ишлаб чиқилади'ning rasmi

"Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни такдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби ҳақидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида"ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш мақсадида 1 ноябрга қадар “Uzenergo” мобил иловаси ишлаб чиқилади.

Ҳуқубузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилишига йўл қўйилмайди ва уларга мурожаати натижалари юзасидан маълумотлар юборилади.

Электр, иссиқлик ва газдан фойдаланиш қоидабузарликлари ҳақида хабар берганларга қуйидагича миқдорда пул мукофоти берилади:

- электр ва иссиқлик энергиясини беҳуда сарфлаш ҳолатлари аниқланганда — ундирилган жариманинг 10 фоизи;

- умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёки ҳисоблагичлар кўрсаткичларини ўзгартириш, пломбаларига қасддан шикаст етказиш аниқланганда — жариманинг 7 фоизи;

- ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида қурилган биноларни электр, иссиқлик ва газ тармоқларига ўзбошимчалик улаш ҳолатлари аниқланганда — жариманинг 2 фоизи;

- электр тармоқларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланганда — жариманинг 20 фоизи;

- газдан ёқилғи ёки хомашё сифатида фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланганда — жариманинг 20 фоизи;

- электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ бошқа маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича — ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлар ҳисобидан БҲМнинг 30 фоизи миқдорида.

Жисмоний шахсларнинг видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича ҳуқуқбузарлардан ундирилган жарималар қуйидагиларга йўналтирилади:

- “Ўзенергоинспекция” ҳисобварағига — ундирилган сумманинг 50 фоизи;

- Тегишлилиги бўйича электр ва иссиқлик энергияси ҳамда табиий газ таъминоти корхоналари ҳисобварақларига — ундирилган сумманинг 50 фоизи.

Шунингдек, 2023 йил 1 декабрга қадар ҳуқуқбузарлик ҳолатлари, шу жумладан, табиий газдан фойдаланиш қоидаларини мунтазам равишда қасддан бузган истеъмолчиларнинг ягона электрон реестри жорий этилади.

    Бошқа янгиликлар