Ғазо секторининг Мисрга ягона эшиги бўлган Рафаҳ чегараси очиқлиги эълон қилинди. Миср томонининг маълум қилишича, Исроил минтақага гуманитар ёрдам олиб киришига рухсат бермаяпти.
Миср Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Аҳмед Абу Зейд, Рафаҳ назорат пунктидаги мавжуд вазият ва Ғазога юборилиши режалаштирилаётган инсонпарварлик ёрдами ҳақида ёзма баёнот берди.
Абу Зайднинг айтишича, Миср Исроил ва Фаластин ўртасидаги зиддият бошланганидан бери Ғарб матбуоти томонидан ҳужумга учраб келмоқда.
“Ғарб оммавий ахборот воситалари депортация сценарийсини қўллаб-қувватламоқда. Исроил чегара пунктини (Фаластин томонидан) 4 марта ўққа тутган ва ёрдам олиб келишдан бош тортганига қарамай, Мисрни чегара пунктини ёпишда айбламоқда”, — деди Абу Зайд.
Миср Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибининг баёнотига кўра, “Рафаҳ чегара пункти очиқ, бироқ Исроил Ғазога ёрдам киритишга рухсат бермаяпти. Бугун Миср учинчи давлат фуқароларини эвакуация қилишда айбланмоқда. Чегара пункти очиқ ва Миср эвакуацияга тўсқинлик қилгани учун жавобгар эмас”.
21 октябрь куни Миср пойтахтида бўлиб ўтиши режалаштирилган “Қоҳира тинчлик саммити”ни эслатган Абу Зейд, эртанги саммит тўғри йўлга кириш учун имконият эканлигини таъкидлади.






