АсосийJamiyat

Ўзбекистон мактабларининг энг яхши ўқувчиларининг “Зиёлилар” тўплами лойиҳасида иштирок этиш учун аризалар қабули очилди

'Ўзбекистон мактабларининг энг яхши ўқувчиларининг “Зиёлилар” тўплами лойиҳасида иштирок этиш учун аризалар қабули очилди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда “Зиё форум” илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантириш жамғармаси мамлакатимиз мактаб ўқувчилари учун ўзига хос лойиҳани бошламоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Лойиҳа доирасида 1-11-синфларнинг энг иқтидорли, илғор, ташаббускор ўқувчилари аниқланадилар ва “Зиёлилар” алманах тўпламининг қаҳрамонига айланади.

Лойиҳадан кўзланган мақсад турли йўналишларда фаол бўлган истиқболли ёшларни қўллаб-қувватлашдир. “Зиёлилар” алманахи мамлакатимиз ижтимоий-маданий салоҳиятини юксалтириш, халқаро ҳамжамиятдаги нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.

“Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад мактаб ўқувчиларининг фаол ҳаётий позицияси, эришган ютуқлари, ноёб ҳикояларини аниқлаш ва ёритишдан иборатдир. Янги авлод учун намуна бўла оладиган ўқувчиларни оммага танитиш. Оммавий ахборот воситаларининг эътиборидан четда қолган ёрқин ҳикояларни оммалаштириш. 
Зиёлилар қаҳрамонлари – билим олиш, интилиш, ривожланиш зарурлигини исботловчи шахслардир. Биз эса, ўз навбатида, бу қаҳрамонларни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида танитишга тайёрмиз. Лойиҳада иштирок этиш – бу ўз ҳикоянгиз, мутлақо бошқа йўналишларда муносиб натижалар билан бўлишиш ва кучли юзталикка лойиқ эканингизни исботлаш учун соғлом рақобатда иштирок этиш учун имкониятдир, – дейди “Зиё форум” илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантириш жамғармаси директори Бобур Фармонов.

Лойиҳа қаҳрамонлари, ўз навбатида, нашр этилган ТОП 100та мактаб лидерлари тўпламига киритилган ҳолда тарихда қоладилар. Лойиҳанинг ҳар бир қаҳрамони эсдалик сертификати, индивидуал профессионал фотосессияга эга бўладилар ва келажакда ўз ижтимоий лойиҳаларини амалга оширишда алманах ташкилотчилари томонидан қўллаб-қувватланадилар.

“Умид қиламанки, ушбу тўплам ёшлар учун ўзига хос мотивация манбаи бўлиб, келажакда катта ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшади, — дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова. — Эртанги кунини бугундан ўйлаган ҳар бир ўқувчи шу каби лойиҳаларда фаол иштирок этиб, иқтидорини тарбиялаб бориши лозим.

“Зиёлилар” алманах тўплами қаҳрамонлари айнан мактаб ўқувчилари орасидан танлаб олиниши тизим етакчиси сифатида менга мамнуният бағишлайди, албатта. Ўқувчиларимиз лойиҳа доирасида ўзларининг билим ва ташаббуслари, креатив ғояларини тақдим этиб, ҳамиша саралар сафида бўлишларига ишонаман.

Барча иштирокчиларга омад тилайман”.

Танлов жараёнида турли йўналишларда натижаларга эришган мактаб ўқувчиларининг ноёб ҳикоялари кўриб чиқилади: санъат, маданият, гуманитар ва аниқ фанлар, IT, ижодкорлик, спорт, робототехника ва бошқалар. Ёш авлод учун муносиб ибрат ва мотивация бўла оладиган мактаб ўқувчилари ҳаётидан таъсирчан, илҳомлантирувчи ҳикоялар эътибордан четда қолмайди. Иштирокчиларни саралаш Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда “Зиё форум” илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантириш жамғармаси вакилларидан иборат махсус комиссия томонидан амалга оширилади. Танлов жараёнида иштирокчи ҳикоясининг ўзига хослиги, ютуқлари, ғалабалари, илова қилинган мотивация хати ва бошқалар ҳисобга олинади.

“Зиёлилар” қаҳрамонлари оладиган асосий қадрият бу янги мулоқот доираси, мамлакатнинг энг яхши талабалари жамоасидаги мустаҳкам тармоқдир. Бундай жамиятда иштирокчилар янада катта, умумий мақсадларга эришиш учун бирлаша оладилар. Биз эса иштирокчиларнинг энг қизиқарли лойиҳаларини молиявий ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватлашга тайёрмиз”, - дейди Бобур Фармонов.

“Зиё форум” илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантириш жамғармаси ўтган йилларда ҳам ёш олим ва тадқиқотчилар, шунингдек, Ўзбекистон етакчи талаба-ёшларини алманахларда бирлаштирган эди. Бу йил “Зиёлилар” лойиҳаси доирасида 1-11-синфларнинг иқтидорли ўқувчилари, бўлажак юрт етакчилари аниқланади.

Лойиҳада ziyolilar.school сайти орқали ўзбек ёки рус тилида анкетани тўлдириб, иштирок этиш учун ариза топшириш мумкин.

    Бошқа янгиликлар