Куни кеча Тошкентда жамоат транспортида янги, қўшимча ва рағбатлантирувчи тарифлар жорий этилиши ҳақида хабар берган эдик.
Депутат Дониёр Ғаниев бу борада радикал таклиф билан чиқди.
Унинг Х тармоғидаги саҳифасида қолдирган таклифига кўра, автобусларни ҳаммага бепул қилиш мумкин. Бу бюджетга қўшимча 300 млрд сўмга тушади. Аммо буни қоплашнинг ҳам ўз манбаси бор.
”Ҳозирги ҳисоб-китобда шаҳар ҳокимиятига йилига қўшимча 300 млрд сўмга тушаркан. Бу пулларни шаҳар марказий қисмига кирадиган мошиналарга кунлик солиқ солиш орқали қопласа бўлади”, – дейди депутат.
Ғаниевнинг ҳисоб-китобларига кўра, масалан, пойтахт марказида ҳаракатланувчи автомобилларга бир кун учун 1 АҚШ доллари миқдорида солиқ солинса ва агар шаҳардаги бир кунлик 500 мингта машинадан 20 фоизи, яъни 100 минги шаҳар марказида ҳаракатланади деб олинса, кунига 100 минг АҚШ долларни ташкил қилади.
”Бу одамларда автобусдан кўпроқ фойдаланишга, мошинадан камроқ фойдаланишга рағбат бўлади. ”Пробка”лар камаяди, йўл ҳаракати сал тартибга келади”, – деб ёзади депутат.
У, шу билан бирга, бу таклифи ишлаши учун биринчи навбатда транспорт хизмати фаолияти, ҳисоб-китоби тўлиқ очиқ ва шаффоф бўлиши лозимлигини, қўшимча самарасизлик ва ўғриликка етакламаслиги кераклигини таъкидлайди.
Операцион харажатларни қисқартириш ҳисобига ҳайдовчилар ойлигини оширишга ҳам имкон бўлишини ёзган.






