Исроилнинг Ғазо сектори шимолидаги қочқинлар лагерига берган авиазарбалари натижасида 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, 150 нафари яраланди, дея хабар бермоқда Al Arabiya Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб.
Фаластиннинг ВАФА ахборот агентлигининг хабар беришича, 400 га яқин одам, асосан болалар яраланган. Ярадорлар шифохонага етказилган, бироқ вайроналар остида жуда кўп одам қолмоқда, дейди журналистлар.
Ал-Жазира таъкидлашича, Жабалия Ғазо секторидаги саккизта қочқинлар лагерининг энг каттаси. У 1,4 км майдонни эгаллайди, БМТ маълумотларига кўра, у ерда 116 минг киши рўйхатга олинган. Октябрь ойида Исроил самолётлари лагерга бир неча бор зарба берди, дея таъкидлайди телеканал.
Исроил томонига кўра, зарба натижасида ҲАМАС қўмондонларидан бири – 7 октябрь куни жангариларнинг Исроил жанубига уюштирган ҳужуми учун масъул бўлган Марказий Жабалия баталони қўмондони Иброҳим Биари ҳалок бўлган.
Портлаш жойидан олинган видеотасвирларда вайроналар остидан камида 47 кишининг жасади топилганини кўриш мумкин. Ярадорлар яқин атрофдаги шифохонага етказилган, Маълумотларга кўра, муассаса тўлиб кетган, кўпчилик полда тиббий ёрдам кўрсатмоқда.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 7 октябрдан буён анклавда 8,6 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган, 23 мингдан ортиқ киши жароҳат олган.






