Қозоғистон Ғазо секторига бир миллион доллар мабалағ ажратади. Бу ҳақда мамлакат раҳбари Қосим-Жомарт Тоқаев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, маблағлар инсонпарварлик ёрдами учун юборилади. Шунингдек, Қозоғистон президенти муаммоларни зўъавонлик ва террорчилик ҳужумлари орқали ҳал қилишни қоралаб, мамлакатлар суверенитети ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларини ҳурмат қилишга чақирди.
“Бугун Ғазо секторидаги тинч аҳоли, айниқса, болалар ва қариялар қарама-қаршилик қурбонига айланмоқда. Асосий вазифа - уларнинг хавфсизлигини таъминлаш. Шу муносабат билан мен Фаластин халқига 1 миллион доллар миқдорида инсонпарварлик ёрдами кўрсатишга қарор қилдим”, — деди Тоқаев Туркий давлатлар ташкилоти саммитида.
Бундан ташқари, Туркий давлатлар ташкилоти ташқи ишлар вазирлиги раҳбарлари йиғилишида Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу Ғазо секторида тинч аҳоли учун гуманитар йўлаклар очишга чақирди.
Бугун, 3 ноябрь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг саммити бўлиб ўтмоқда. Ташкилотга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон киради. Туркманистон ва Венгрия эса кузатувчи давлатлар сифатида иштирок этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Ғазо сектори аҳолисига ёрдам кўрсатиш учун 1.5 млн доллар ажратиш ҳақида қарор қабул қилган.






