Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Малайзия халқаро ислом университети профессор-ўқитувчи ва талабаларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга икки ҳафталик амалий сафари ташкил этилди.
Малайзия халқаро ислом университети 1983 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг 13 та факультетида бакалавриат, магистратура ва докторантура таълим йўналишлари йўлга қўйилган. Таълим инглиз ва араб тилларида олиб борилади. Айни пайтда Урганч давлат университети, Наманган муҳандислик-технология институти, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва Банк-молия академияси билан ҳамкорлик меморандумлари доирасида алоқалар ўрнатилган.
Ташриф мақсад Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларининг бой маданий мероси ва меъморчилик анъаналарини ўрганиш, туризм контентини кенгайтириш ва Малайзияда кенг тарғиб этиш, олийгоҳлар билан академик ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат бўлди.
Сафар давомида Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги ва Малайзия халқаро ислом университети ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Тадқиқот ишлари Урганч давлат университети негизида Хоразм вилоятининг Хива шаҳри маданий мерос объектлари мисолида амалга оширилди. Хусусан, замонавий сканер технологиялари ёрдамида Ичан қалъадаги Жума масжидининг «3D» модели яратилди. Илмий ишлар натижаси бўйича ўқув қўлланма нашр этилиши режалаштирилган.
Шунингдек, Тошкент архитектура-қурилиш университети, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети, Бухоро давлат университети билан музокаралар ўтказилди. Уларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети билан Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Бўлиб ўтган учрашувлар натижасида 2024 йилда қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, академик алмашинув бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш, Малайзияда ташкил этиладиган ўқув дастурлари ва илмий анжуманларда ўзбекистонлик мутахассисларни иштирокини ишлаб чиқиш, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, илғор тажриба алмашиш бўйича келишувларга эришилди.






